10:21 / 11.09.2016
30248

Паралимпия ўйинлари. Учинчи кунда Ўзбекистон вакиллари яна 8та медаль олди

Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтаётган XV ёзги Паралимпиада ўйинларининг учинчи куни ўз якунига етди. Шу куни Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган 11 спортчидан 8 нафари медалга эга бўлиб шоҳсупага кўтарилди.

Учинчи кунда 5 нафар дзюдочи, 2 нафар енгил атлетикачи ҳамда 4 нафар сузувчи ўз имкониятини синаб кўрди.

100 килограммдан зиёдроқ дзюдочилар ўртасидаги беллашувларда иштирок этган Одил Туледибаев Ўзбекистон делегацияси учун тўртинчи олтин медални олиб берди. У финал баҳсида мезбонлар вакили, бразилиялик спортчини 2-сониядаёқ иппон баҳоси билан мағлубиятга учратди. 

70 килограммдан зиёдроқ вазнда аёллар ўртасидаги дзюдо мусобақасида Хайитжон Алимова кумуш медални қўлга киритди. У финалда хитойлик рақибга имкониятни бой берди. 

Шунингдек, 70 килограммгача бўлган қизлар ўртасидаги турнирда Гулруҳ Раҳимова, 90 килограммгача бўлган спортчилар мусобақасида Шуҳрат Бобоев ва 100 килограммгача бўлган дзюдочилар курашида Ширин Шарипов бронза медалларга эга бўлди.

Айни вақтда ўзбекистонлик дзюдочилар жами 10та медалга эга бўлиб (шундан 3таси олтин), бу борада биринчи ўринни эгаллаган.

Сузувчилар жамоаси ҳам медаллар сонини оширмоқда. Аёллар ўртасидаги 200 метрга комплекс услубда сузиш мусобақасида икки ўзбекистонлик кумуш ва бронза медалларига эга чиқди. 

Дастлаб спортчилар эрталабки дастурда саралаш мусобақасида иштирок этишди. Унда Фотимахон Омилова 2:24.43 натижа билан жаҳон ва паралимпиада рекордини ўрнатди. 

Кечки дастурда 8 нафар спортчи иштирокида ўтказилган финал баҳсини ҳам Фотимахон яхши ўтказди. У дастлабки 150 метр масофадан биринчи ўринда борди, аммо сўнгги 50 метрда америкалик Ребекка Мейерс ундан ўтиб кетди ва олтин медални қўлга киритди. Бронза медали Шоҳсанамхон Тошпўлатовага насиб этди.

Узунликка сакрашда Дониёр Солиев ҳам бронза медалига эга чиқди.

Айни вақтга келиб, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 19тани ташкил қилмоқда (4та олтин, 4та кумуш ва 11та бронза). Ўзбекистон медаллар ҳисоби бўйича умумий рўйхатда саккизинчи ўринда.

Умумжамоа ҳисобида дастлабки учлик ўзгаришсиз қолди — Хитой (69та медаль), Буюк Британия (35та медаль) ва Украина (37та медаль).

Top