Жаҳон | 11:30 / 18.02.2026
1547
3 дақиқада ўқилади

Россия ва Беларус паралимпиячилари ўз мамлакатлари байроғи остида иштирок этади

Россия ва Беларус спортчилари 2026 йилги қишки Паралимпия ўйинларида ўз мамлакатлари байроқлари остида иштирок этиши мумкин. Паралимпиадага олти нафар россиялик ва тўрт нафар белорус спортчи таклифнома олган.

Россия ва Беларус спортчилари 2026 йилги қишки Паралимпия ўйинларида Милан ва Кортине-д’Ампеццода ўз мамлакатлари байроқлари остида иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда сешанба, 17 феврал куни AFP агентлиги Халқаро паралимпия қўмитасига таяниб хабар қилди. Маълум қилинишича, Паралимпиадага “икки томонлама таклифнома” олганлар орасида олти нафар россиялик ва тўрт нафар белорус спортчи бор.

Россия Паралимпия қўмитаси президенти Павел Рожков билдиришича, Россиядан ўйинларда қуйидагилар қатнашиши мумкин: тоғ чанғиси спортчилари Алексей Бугаев ва Варвара Ворончихина, чанғи спортчилари Иван Голубков ва Анастасия Багиян (Сергей Синякин билан), шунингдек парасноубордчилар Дмитрий Фадеев ва Филипп Шеббо Монзер. Беларус Паралимпия қўмитаси бош котиби Николай Шудейко айтишича, Беларусдан Италиядаги Паралимпиадага чанғи спортчилари Валентина Бирило, Лидия Лобан, Даря Федькович ва Роман Свириденко боради.

Халқаро паралимпия қўмитасининг икки томонлама таклифномалари одатий квоталардан фарқ қилади: одатий квоталар саралаш мусобақалари ва рейтинглар натижаларига кўра берилади ҳамда ҳар бир мамлакат ва спорт тури бўйича жойлар сони қатъий чекланади. Бундан фарқли ўлароқ, икки томонлама таклифномалар истисно ҳолларда шартнома асосида тақдим этилади.

2025 йил сентябрда Халқаро паралимпия қўмитаси Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан кейин тўхтатиб қўйилган Россия ва Беларус миллий қўмиталари аъзолигини тиклади. Расман бу қарор аллақачон ушбу мамлакатлар спортчиларига Италиядаги ўйинларда миллий байроқлар остида қатнашиш имконини берган эди. Аммо якуний рухсат халқаро спорт федерацияларининг қарорларига боғлиқ бўлган.

Декабр ойида Спорт арбитраж суди (CAS) Россия ва Беларус спортчиларининг Халқаро чанғи спорти ва сноуборд федерацияси (FIS) уларни халқаро мусобақаларга қўймаслик қароридан берган шикоятларини қисман қаноатлантирди. Натижада паралимпиячи спортчилар FIS мусобақаларида нейтрал мақомсиз ва миллий рамзлар билан қатнашиш ҳуқуқини олди.

Шундан кейин РФ ва Беларус паралимпиячилари танаффусдан сўнг илк бор халқаро мусобақаларда ўз мамлакатлари байроқлари остида иштирок этди. Бу — январ ойида Германиянинг Финстерау шаҳрида бўлиб ўтган имконияти чекланган спортчилар учун чанғи бўйича Жаҳон кубоги босқичи эди. Германия ногиронлар спорт иттифоқи (DBS) бу ҳақда шундай баёнот берди: «Биз CAS қарорини қабул қилишга мажбурмиз, бироқ у бизнинг ахлоқий-этик тамойилларимизга, спорт қадриятларимизга зид ва бизнингча қабул қилиб бўлмайдиган қарор, айниқса Украинадан келган иштирокчилар учун».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид