Ўзбекистон | 21:15 / 13.09.2016
233439
6 дақиқада ўқилади

Рустам Азимов: "Шавкат Мирзиёев — Ислом Каримовнинг сиёсий меросхўри”

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 7 сентябрь куни бўлиб ўтган ва Ўзбекистон республикаси президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш масаласи кўриб чиқилган қўшма мажлисида Ўзбекистон республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов ҳам иштирок этди ва нутқ сўзлади. Қуйида ана шу нутқ матни билан танишиш мумкин:

“Ҳурматли раис!
Ҳурматли Сенат аъзолари!
Ҳурматли депутатлар!

Бугун оғир кунларда турибмиз. Куни кеча биз муҳтарам Юртбошимиздан жудо бўлдик ва бу бутун халқимизга жуда катта оғир мусибат келтирди. Албатта, Ислом Абдуғаниевич ҳақида кўп гапирилди ва кўп гапирамиз ҳам. Бу инсон Ўзбекистонни энг оғир даврда бошқариб, хонавайрон бўлган республикадан ривожланган, тинч-тотув, барқарор, халқи бахтли ҳаёт кечирадиган давлатга айлантирдилар.

Лекин, афсуски, Ислом Абдуғаниевич бизни тарк этдилар. Ҳозир бутун халқимиз — қайғудаги 32 миллион халқимиз катта савол бераяпти: “Нима бўлади эртага? Давлатимиз қаерга боради? Муҳтарам Президентимиз яратган заминда давомати қанақа бўлади?”, — деган саволларга шу кунларда, шу халқда, авваламбор, Сизлар — сенаторлар, депутатлар, биз — ҳукумат аъзолари жавоб топишимиз керак ва шу нуқтаи назардан қараганда мен Сенатимиз раиси Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошевнинг ҳамда Сенат кенгашининг таклифини (қўллаб-қувватлайман).

Мен ўйлайманки, (бу танлов) бизнинг давлатчилигимизнинг ривожланиши энг юқори поғонага чиқишининг далолати бўлади. Чунки улар нафақат расмий нуқтаи назардан, балки (бу ишнинг аҳамияти ва масъулиятини) чуқур англаб, ҳозирги оғир, таҳликали даврда 32 миллион халқни ўйлаган ҳолда шу таклиф билан чиқишди. Ўйлайманки, ҳаммамиз шу таклифлари учун, авваламбор, Сенат аъзоларига, Йўлдошев Ниғматилла акага миннатдорчилигимизни билдиришимиз керак.

Ҳозир таклиф бўлдики, Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг зиммаларига Ўзбекистон давлатининг Президентлик ваколатларини ҳамда вазифаларини юклатиш таклифи киритилди. Ўйлайманки, ҳозирги даврда бу энг муҳим ва якка-ю ягона тўғри таклиф деб бўлади. Шуни ҳозир мендан олдин сўзга чиққан одамлар, менимча, тўлиқ равишда тасдиқлаб бердилар.

Шавкат Миромоновичнинг кўп фазилатлари бор, кўп хислатлари бор. Лекин улардан энг биринчиси нима деб сўрасаларинг, мен ўйлайманки, биринчи фазилатлари — ватанни севиш фазилатлари.

(Фазилатларининг иккинчиси шуки), давлатнинг раҳбари ҳар битта масалани — буни бизга Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич ўргатганлар — тагига етиб, аниқ қарор бериш жуда муҳим ва шу нуқтаи назардан Шавкат Миромоновични, мана кўп одамлар сўзга чиқди, қишлоқ хўжалиги бўладими, фан бўладими, саноат бўладими, таълим тизими, тиббиёт тизими, ҳар битта соҳанинг ичига (кириб бориб), тагига етиб, чуқур билиб, англаб, ўзларининг ёндашувларини белгилаб, кейин қарор берадилар.

Учинчиси бу — ишчанлик. Мен ҳукумат аъзоси сифатида айтишим мумкин, кечаси соат иккидаям телефон қиладилар топшириқлар бериб. Эрталаб биз ишга келганда, саволлар бўлади, (қабулхонадагиларга) улаб беринглар деб сўраганимизда: “Йўқ, — дейди, — соат олтидан эрталабдан буён селектор ўтказаяптилар”. Иккида кечаси топшириқ, эрталаб олтидан қишлоқ хўжалиги ёки бошқа масалалар бўйича селектор ўтказади. Бу бунақанги ишчанликни камдан-кам, нафақат бизнинг давлатимизда, дунёдаям кўриш мумкин (эмас).

Ва (фазилатларининг) энг муҳими, мен ўйлайманки, ҳар битта қарорларида Шавкат Миромонович биринчи галда оддий одамларнинг манфаатларини ўйлайдилар. Оддий одамларнинг манфаати қай даражада бажарилаяпти (яъни таъминланаяпти). Қоғозда эмас, чиройли шиорларда эмас, амалда. Айтмоқчиманки, Шавкат Миромонович Юртбошимизнинг ҳақиқий, содиқ шогирди бўлганлар ва бўлиб қоляптилар.

 Шавкат Миромонович Юртбошимизнинг сиёсий фарзанди деб айтсак, менимча, тўғри бўлади. Шавкат Миромонович Юртбошимизнинг сиёсий меросхўри деб айтсак ҳам тўғри бўлади. Ўшанинг учун мен ҳукумат вакили сифатида, ижро ҳокимиятининг вакили сифатида ҳурматли сенаторлар ва депутатларни Шавкат Миромонович Мирзиёев зиммаларига Ўзбекистон республикаси Президенти вазифаси ва ваколатларини юклатишга даъват қиламан ҳамда Сизлардан шу иш учун овоз беришингизни илтимос қиламан.

Раҳмат!..”.

Конституциянинг 96-моддасига кўра “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг зиммасига юклатилиши, бунда уч ой муддат ичида, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилиши” керак эди.

Бироқ мажлисда сўзга чиққан Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ўзининг конституциявий ваколатидан воз кечиб, бу қарорини давлат бошқаруви соҳасида етарлича тажрибаси йўқлиги билан изоҳлади ҳамда депутат ва сенаторларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёевнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини, аҳоли ўртасидаги ҳурмат-эътиборини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилган эди. Олий Мажлис Сенати раисининг бу таклифи парламент палаталарининг қўшма мажлисида овозга қўйилди ва у 147 нафар депутат, 94 нафар сенатор томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

2016 йилнинг 9 сентябрь куни “Ўзбекистон” телеканалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси тафсилотларига бағишланган махсус кўрсатув намойиш этилди. Қуйида ана шу кўрсатувни тўлиқ томоша қилиш мумкин:

 

Манба: “Tafsilot.uz”

Мавзуга оид