Ўзбекистон | 11:48 / 24.09.2016
14799
2 дақиқада ўқилади

Тошкент Афғонистоннинг донор мамлакатларини мажбуриятларини бажаришга чақирди

БМТ Бош Ассамблеясининг 23-сентябрдаги мажлисида Ўзбекистон делегацияси раҳбари, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маъруза қилди. У жаҳон ҳамжамиятига қарата сўзлаган нутқида Тошкент нуқтаи-назаридан муҳим бўлган халқаро ва минтақавий муаммоларга тўхталган.

Хусусан, Комилов Афғонистондаги вазият ҳамон халқаро хавфсизлик ва барқарорликнинг асосий бош оғриғи бўлиб қолаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, афғон можароси нафақат барҳам топмаяпти, балки кучайиб, тобора мураккаблашиб бормоқда. 

“Афсуски, ушбу мамлакатда тўпланиб қолган қарама-қаршиликларни ҳал этиш истиқболи кўринмаяпти. Афғон муаммосини фақатгина БМТ васийлигида, ҳеч қандай дастлабки шартларни илгари сурмасдан, ўзаро зиддият қилаётган асосий томонлар иштирокида ташкил этилувчи тинч сиёсий музокаралар воситасида эришилувчи миллий келишув негизида ҳал этиш мумкин”, - деган Ўзбекистон ТИВ раҳбари. 

Бунда, донор мамлакатлар ва халқаро институтлар Афғонистонга ёрдам бериш бўйича зиммаларига олган мажбуриятларини сидқидилдан адо этиши жуда муҳимдир. Маблағлар, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш, биринчи навбатда, таълим-тарбия соҳасига жалб этилиши мақсадга мувофиқ. 

Комиловнинг айтишича, Афғонистондаги тинчлик Евросиё минтақасидаги барча мамлакатлар учун улкан ва сезиларли фойда келтиради. Афғонистондаги мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик автомобиль ва темир йўллари барпо этиш, минтақавий ва трансминтақавий савдони ривожлантириш, барча йўналишларда қувурлар ўтказишга имкон беради. 

Шу муносабат билан, халқаро ҳамжамият Афғонистонга минтақавий муаммолар, таҳдид ва чақириқлар эмас, балки ажойиб стратегик имкониятлар мамлакати сифатида қараши лозим. Шу билан, барчанинг бирдек гуллаб-яшнаши ва фаровонлигига хизмат қилувчи кўп томонлама ҳамкорлик учун фундаментал ва мустаҳкам асосларни шакллантириш мумкин. 

Мавзуга оид