Жаҳон | 00:45 / 02.10.2016
22785
2 дақиқада ўқилади

Рамзон Қодиров "осойишталикни бузувчиларни" отишга чақирди

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров республикада "осойишталикни бузаётганларни" отишга чақирди.

27 сентябрда "Грозний" телеканали бўйича соат 19.00 даги кечки янгиликларда Қодировнинг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот муассасалари вакиллари, амалдорлар ва имомлар билан йўлларда содир бўлаётган ўлимларнинг юқорилиги ва республикада спиртли ичимликлар тақиқлангандан кейин кескин ошиб кетган "таблеткали" гиёҳвандликка қарши кураш мавзусидаги йиғилиши ҳақидаги лавҳа намойиш қилинган.

Қодиров йиғилишда йўл-транспорт қоидаларини маст ва гиёҳванд моддалар таъсирида бузувчилар статистикасини келтириб ўтди.

Қодировнинг таъкидлашича, бундай қоидабузарликлар сони уларга қарши қатъий кураш усулларига қарамасдан тобора ошиб бормоқда.

2015 йил августда Қодиров бундай қоидабузарларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаларинигина эмас, балки машиналарини ҳам тортиб олишни буюрганди.

Бироқ шунга қарамай, республикада ўлим билан якунланувчи йўл-транспорт ҳодисалари деярли ҳар куни юз беради, гиёҳвандлар миқдори ҳам камаймаяпти. 

Лавҳада Қодиров ҳуқуқ-тартибот муассасалари вакилларига юзланиб, "Ҳозирда Чеченистонда осойишталикни бузаётганлар отиб ташлансин. Бу қонунийми, қонуниймасми – аҳамиятсиз. Отиб ташлансин! Тушундингларми? Ассалому алайкум ва муаммолар йўқ! Мана сизларга қонун!", деб айтган.   

Шу куннинг ўзидаги 22.00 даги кечки янгиликларда лавҳага тушган бу парча кесиб ташланган, бироқ кеч бўлган: Рамзон Қодировнинг бу айтган сўзлари аудиоёзуви ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетишга улгурган.

 

Мавзуга оид