Ўзбекистон | 21:17 / 03.10.2016
9738
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон – Япония конференциясида ўзаро манфаатли лойиҳалар муҳокама қилинди

Тошкентда 3 октябрь куни шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон – Япония конференцияси бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари А.Файзуллаев, фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари К.Орипов, ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғ.Фозилов, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг ўринбосари Ш.Тўлаганов, иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Ш.Файзуллаев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Обидов, Япониянинг ердан фойдаланиш, инфратузилма, транспорт ва сайёҳлик вазири ўринбосари Х.Ханаока ва бошқалар Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорлик самаралари ҳақида сўз юритди. 

Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2002 йил июль ойида Японияга расмий ташрифи чоғида Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот имзоланган. Ўтган йили октябрь ойида Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг мамлакатимизга расмий ташрифи пайтида Ўзбекистон ва Япония ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот имзоланди. 

Ўзаро манфаатдорлик натижасида савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб бормоқда. 2015 йилда товар айирбошлаш ҳажми 253,5 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Япония ва Япония – Ўзбекистон қўмиталари эришилган келишувларни амалга ошириш, янги имкониятларни излаш ва қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутмоқда. 

Мамлакатимизда иқтисодиётни изчил ривожлантириш, ҳаёт сифатини янада ошириш мақсадида кенг кўламли бунёдкорлик ва модернизация ишлари амалга оширилмоқда. Бу борада ривожланган давлатлар, хусусан, Япония тажрибасидан унумли фойдаланилмоқда. 

Япониялик мутахассислар билан ҳамкорликда Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли бунёд этилди. Самарқанд, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортлари модернизация қилинди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси ва “Кўкдумалоқ” конида компрессор станцияси қурилди, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи реконструкция қилинди. Бугунги кунда Қарши – Термиз темир йўл тармоғини электрлаштириш, Навоийдаги иссиқлик электр станциясини кенгайтириш ва Толлимаржон иссиқлик электр станциясида иккита янги буғ-газ турбинасини қуриш ишлари олиб борилмоқда. 

Мамлакатимиз шаҳарлари бош режа асосида қайта қурилмоқда. Янги саноат корхоналари, замонавий уй-жойлар, ижтимоий объектлар, йўл ва кўприклар барпо этилмоқда. Бундай қурилиш ва ободонлаштириш ишлари натижасида шаҳару қишлоқларимиз янада кўркамлашиб, яшаш учун қулайликлар ортиб бораётир. Ўзбекистон “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” рейтингида жаҳон бўйича 44-ўринни, пойтахтимиз Тошкент Буюк Британиянинг “Economist” журнали бўлинмаси – Economist Intelligence Unit (EIU) компанияси эълон қилган рейтингда дунёнинг яшаш қулай бўлган шаҳарлари орасида 58-ўринни эгаллагани ҳам бунинг тасдиғидир. 

Конференцияда мамлакатимизнинг геодезия, қурилиш, транспорт, табиатни муҳофаза қилиш, ахборот технологиялари, электротехника, энергетика, кимё ва коммунал соҳалардаги вазирлик ва идоралари мутасаддилари иштирок этди. Япониянинг «Шимидзу», «Фужита», «Марубени», «Панасоник», «Токио Роуп Инжиниринг», «Иточу», «Мицубиши», «Тойота Цусе», «НЭК» каби йигирмадан ортиқ йирик корпорациялари вакиллари ўз ташкилотлари ва хизматлари ҳақида атрофлича маълумот берди. 

Япониялик ишбилармонлар мамлакатимизда шаҳарсозлик замон талаблари асосида ривожланаётгани, инфратузилма объектларини қуриш ва модернизациялаш ишлари иқтисодиёт ривожига хизмат қилаётганини таъкидлади. Инфратузилма объектларини қуриш ва модернизация қилиш, автомобиль ва темир йўл тизимини ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологиялари, табиий офатларнинг олдини олиш ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларини тақдим этди. 

Тадбир доирасида ташкил этилган кооперация биржасида икки мамлакат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, томонларни қизиқтирган соҳалар бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

Конференцияда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан Япониянинг “Шимидзу” корпорацияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. 

Япония делегацияси мамлакатимизнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан музокаралар ўтказди. 

Мавзуга оид