Жаҳон | 08:29 / 17.10.2016
4144
2 дақиқада ўқилади

Черногория парламент сайловларида ҳукумат партияси ғалаба қозонди

Фото: EPA

Черногория бош вазири ва ҳукуматни бошқараётган Социалистлар демократик партияси раҳбари Мило Жуканович мамлакатдаги парламент сайловларида ўз партиясининг ғалабасини эълон қилди. Бу ҳақда, ТАСС агентлиги хабар қилмоқда.

«Биз мамлакатимизни ва унинг келажагини бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолдик», — деб баёнот берган Жуканович. 

Бунда, Жуканович Черногориянинг НАТОга аъзо бўлиш истагини тасдиқлади. 

«Сайлов натижалари расман эълон қилингач, биз ҳамкорларимиз билан ҳукумат коалициясини ташкил этиш бўйича музокараларни бошлаймиз. Биз анъанавий ҳамкорларимиз билан бирга Черногория парламентида камида 42 нафар аъзосига эга бўламиз, бу эса мамлакатнинг Европа йўналишини сақлаб қолиш имконини беради», — деб таъкидлаган бош вазир. 

Демократик қайта ўзгаришлар маркази маълумотларига кўра, овоз бюллетенлари юз фоиз саналганидан сўнг, Жуканович СДП 41,1 фоиз овоз олган ва 81 ўринлик парламентнинг 35 депутатлик ўрнига эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган. Бунда мухолифатдаги Демократик Иттифоқ 20,6 фоиз овоз тўплаган. Унинг 18 нафар номзоди парламент депутати бўла олади. «Калит» номли яна бир мухолифат вакили 10,7 фоизга эга бўлган, парламентнинг 9 нафар депутати ушбу партия аъзоси бўлади.