Жамият | 11:32 / 25.10.2016
8259
2 дақиқада ўқилади

Хитойда ўтказилаётган "Тулки ови" натижаси эълон қилинди

Фото: © AP

Хитой ҳуқуқ-тартибот идоралари "Тулки ови —2016" кампанияси доирасида шу пайтгача 634 нафар қочқин порахўрни қўлга олди, деб хабар қилмоқда ХХР жамоат хавфсизлиги вазирлиги. Махсус амалиёт шу йилнинг май ойида бошланган эди. 

Хабарларга кўра, айни вақтда 634 нафар қочқин мулозим дунёнинг 67 мамлакати ва минтақасида ушланган, улардан 16 нафари энг жиддий қидирилаётган 100 жиноятчи рўйхатида бўлган. Ҳибсга олинганларнинг 205 нафари 10 млн юандан ортиқ (1,5 млн АҚШ долларига яқин) маблағга оид жиноят ишларида сўроқ қилинмоқда. Яна 59 киши  100 миллион юандан ортиқ (15 миллион долларга яқин) маблағга оид ишларга алоқадорлиги гумон қилинаяпти. Коррупцияда айбланаётганларнинг 48 нафари 5 йилдан кўпроқ вақтдан бери маҳкамадан қочиб юрган, 17 киши 10 йилдан ортиқ вақтдан бери яшириниб юрганига ойдинлик киритилган. 

Аввалроқ, ХХР жамоат хавфсизлиги вазири ўринбосари Мэн Цинфэн, мамлакатдан ноқонуний олиб чиқилган маблағларни қайтариш муҳим вазифа эканини айтган эди. 

Синьхуа агентлигининг хабарига кўра, "Тулки ови-2015" кампанияси доирасида ХХР ҳукумати 857 нафар қочқин порахўр мулозимни мамлакатга қайтаришнинг уддасидан чиққан. 

Мавзуга оид