15:09 / 26.10.2016
6179

Моуриньо оиласидан айрилиқда қолаётганидан ва сурбет папараццилардан нолиди

Фото: ВВС

«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо Лига кубоги доирасида «Манчестер Сити»га қарши кечадиган учрашув арафасида берган интервьюсида ўзининг туманли альбиондаги ҳаётига ҳавас қилиб бўлмаслигини айтиб ўтди.

«Қизил иблислар» бошқарувини мавсум арафасида қабул қилиб олган португалиялик мутахассиснинг янги жамоасидаги ишлари кўнгилдагидек юришмаяпти.

«Манчестерда уй сотиб олайми? Билмадим, билмадим... Вазият шундай, менинг қизим кейинги ҳафтада 20 ёшга тўлади, ўғлим бир неча ойдан кейин 17 ёшни қаршилайди. Уларнинг режалари бор... Лондондаги университет, Лондондаги футбол, дўстлар.

Улар шундай ёшдаки, энди мен билан ҳамма жойга ҳам бирга кетаверишмайди. Биринчи марта шундай бўлиши, менинг оилам бутунлай бошқача яшамоқда, мен каби эмас. Биз умид қиламизки, бу вазиятдан чиқиб кетамиз ва ҳаётимиз янги босқичга ўтади», — дея Моуриньонинг сўзларини келтирган SkySports.

Португалиялик мураббий оиласи билан айрилиқдан ташқари, британиялик папарацциларнинг сурбетлиги ҳам уни қийнаётгани ҳақида айтиб ўтган.

«Сизларга папарацциларнинг қандайлиги маълум. Менга ҳомийлик қиладиган меҳмонхоналар ва либослар маркалари учун уларнинг борлиги яхши, уларнинг номлари ҳар куни газетада чиқади. Барча бу меҳмонхоналарни билиб олади, барча бренднинг янги маҳсулотлари коллекцияси дўконларда пайдо бўлганидан хабардор бўлади.

Лекин мен учун улар ҳақиқий фалокат. Баъзида мен шунчаки сайр қилгим келади, аммо бу иложсиз ишга айланади. Мен шунчаки кўприк устидан юриб ўтиб ресторанга боргим келади, аммо бу иложсиз ишга айланади — бу даҳшат. Яхшики, смартфонимда таомлар буюртма қилишим учун илова бор ва мен шундан фойдаланишга мажбур бўламан», — дея қўшимча қилган Моуриньо.

Top