16:49 / 31.10.2016
12603

Олимлар миллионлаб мутант-чивинларни табиатга қўйиб  юборишмоқчи

Фото: Globallookpress.com

Бразилиялик олимлар ҳар ҳафтада бир неча миллион генетик жиҳатдан ўзгартирилган чивинни табиатга қўйиб юборишмоқчи. Тадқиқотчилар шу йўл билан жиддий касалликлар ташувчилари бўлган қон сўрувчи ҳашоратларни тўлиқ йўқ қилишмоқчи. Phys.org нашри шу ҳақида хабар берди

Мутант чивинлар ёввойи турлар, масалан, Aedes aegypti (сариқ безгак) чивинлари орасида кўпаяди. Aedes aegypti Зика, денге, сариқ ва  чикунгуньи безгакларига сабаб бўлувчи чивин ҳисобланади. Чивинлар орасидаги мутантлик ҳашаротларнинг тезда қирилиб кетишига олиб келади. 

Британиянинг Oxitec фирмаси вакиллари сўзларига кўра, уларнинг Сан-Паулу шимоли-ғарбидаги Пирасикаба шаҳридаги фабрикаси ҳафтасига 60 миллионгача мутант-чивинларни етказиб бериши мумкин экан. 2011-2014 йилларда Панама, Кайман ороли, Бразилиянинг шимоли-шарқидаги Баия штатида ўтказилган беш дала синови натижалари ёввойи чивинларнинг 90 фоизга камайганини кўрсатган. 

Бразилиянинг Саломатликни назорат қилиш миллий агентлиги томонидан ҳозирча бунга расман рухсат берилмади, бироқ Oxitec'да бунинг 2017 йилдан кечикмаслигига умид билдиришмоқда. Пирасикаба мэри фирма билан тўрт йилга 1,1 миллион долларлик шартномани имзолади. 

Top