Жамият | 23:25 / 01.11.2016
18508
2 дақиқада ўқилади

Машина ойна тозалагичлари остида қолдирилган мактуб интернетда оммалашиб кетди

Ижтимоий тармоқларда Канададаги Шервуд-парк шаҳрида яшовчи аёлнинг автомобили ойна тозалагичлари остида қолдирилган мактуб оммалашиб кетди. Паула Гжеляк-Шульц исмли бу аёлнинг бу ҳақдаги хабари қисқа вақт ичида 20 мингта лайк ва мингдан кўпроқ изоҳ тўплади. Бу ҳақда хорижий ОАВ хабар бермоқда. 
 
Хабарга илова қилинган суратга кўра, мактубни аёл бундан аввал ташриф буюрган Original Joe's ресторани ходими қолдирганлигини кўриш мумкин.

"Мен сизга кечасига машинангизни автотураргоҳда қолдирганингиз учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Мен сиз спиртли ичимлик ичганмисиз-йўқми билмайман, бироқ рулга маст ҳолатда ўтирмаганингиз учун сизга раҳмат. Мактуб ичида сиз бир фунтлик (0,45 кг - таҳр.) жуда мазали товуқ қанотчаларига ваучерни топасиз. Илтимос, буни масъулиятлигингиз учун миннатдорчилик рамзи сифатида қабул қилинг. Ҳаёт – бу бебаҳо неъмат. Яхши дам олиш кунлари тилаб қоламиз", деб айтилган мактубда.  

"Мен бу мактубни машинам олд ойнасида аниқлаганимда, кимгадир ресторан олдида машинасини қўйишига халақит бердиммикин, деб ўйладим. Ажойиб! Мен бундай эътибордан жуда ҳайратдаман, у ерга аниқ яна қайтаман. Товуқ қанотчалари учун эмас, албатта, балки мижозларга бундай яхши муносабат учун", деб изоҳ берди аёл бу вазиятга фейсбукда.

Ўз навбатида, ресторан ходимлари ўз расмий сайтларида уларнинг бу жонбозликлари интернетда оммалашиб кетганидан таажжуб билдиришган.

Мавзуга оид