Фан-техника | 19:26 / 03.11.2016
5891
2 дақиқада ўқилади

«Mersedes» «Panamera» рақибини қачон намойиш этиши билдирди

Фото: motor.ru

Германиянинг Mercedes-AMG компаниясининг Porsche Panamera моделига рақобатчи бўлиши кутилаётган тўрт эшикли, мустақил модели 2017 йилда намойиш этилади. Vision концепт-карининг тақдимоти 1967 йилда асос солинган AMG компаниясининг 50 йиллик юбилейи муносабати билан ўтказилади. Бу ҳақда Autocar нашри ўз манбасига асосланган ҳолда ёзмоқда. 

Дастлабки маълумотларга кўра, сотувга чиқариладиган тайёр модель 2019 йилда пайдо бўлади ва GT4 деб номланади. Модернизация қилинган MRA шасси негизида барпо этилувчи концепт-кар C-, E- ва S-Class моделларининг «кучайтирилган» намуналарининг энг яхши жиҳатларини ҳам кўчиради. Автомобиль конструкциясида композит материаллар, алюминий ва ўта пишиқ пўлатдан фойдаланилади. 

Mercedes-AMG GT4 моделига 4.0 литрли, V8 Twin Turbo мотори ўрнатилади. У 600 от кучига эга бўлади. Шу билан бирга, унга 48-вольтли электр тизим ва қисқа вақтда қўшимча куч бериш мақсадида 20 от кучига эга электр мотор ҳам ўрнатилиши мумкинлиги айтилмоқда. 

Тўрт эшикли машина барча ғилдиракларни етакчи қилувчи дрифт-тартиб билан кучайтирилади. Бу тизим Mercedes-AMG E 63 моделида синаб кўрилган эди. Бундан ташқари AMG Speedshift узатмалар қутиси GT4 моделини ҳаракатга келтиради.

Аввалроқ, «Mersedes» Формула-1 технологиялари қўлланиладиган гиперкар ишлаб чиқариши ҳақидаги хабарларни тасдиқлаган эди. 


 

Мавзуга оид