Жаҳон | 11:48 / 08.11.2016
31329
2 дақиқада ўқилади

АҚШда очилган биринчи сайлов участкасидаги овоз бериш натижалари маълум қилинди

Фото: АР

АҚШда 45-президент сайлови бошланди. Маҳаллий вақт билан ярим тунда (Тошкент вақти билан 8 ноябрь 10:00) анъанавий тарзда Нью-Ҳэмпшир штатининг Диксвилл-Нотч қишлоғида сайлов участкаси очилди ва қишлоқда яшайдиган 8 кишининг барчаси овоз берди ва участка дарҳол ёпилди.

Boston Globe хабарига кўра, овоз бериш натижаларига кўра, демократлар номзоди Ҳиллари Клинтон устунликка эришган. У тўртта овоз, республикачи номзод Дональд Трамп иккита овоз тўплаган. Шунингдек, Либертариан партиясидан номзод Гэри Жонсон ҳамда Митт Ромнига биттадан овоз берилган.

Нью-Ҳэмпшир қонунчилигига кўра, 100 нафардан кам сайловчилар истиқомат қиладиган аҳоли пунктлари сайлов участкаларини ярим тунда очиб, рўйхатга олинган сайловчиларнинг барчаси ўз овозларини бериб бўлгач, дарҳол ёпиш учун рухсат олиши мумкин.

Бу анъана 1960 йилда бошланган. Ўшанда қишлоқ бу вақтда овоз беришни ўтказиб олиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Диксвилл-Нотч АҚШда праймеризларда ҳам, асосий сайловларда ҳам овоз беришни бошлаб бериш рамзига айланган.

Мавзуга оид