19:45 / 11.11.2016
11340

Ироқ ҳарбийлари ИШИДнинг ер ости қамоқхонасидан мингга яқин кишини чиқариб олди

Фото: Reuters

Ироқ ҳарбийлари 7 ноябрь куни Мўсул шаҳри яқинида ИШИДнинг 961 маҳбуси сақланаётган ер ости қамоқхонасига дуч келган. БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарига асосланиб РИА Новости агентлиги хабар қилишича, тутқундагиларнинг барчаси озод қилинган.

Бу қамоқхона Шура туманида жойлашган. Унда сунний мазҳабига мансуб, Ироқ хавфсизлик кучларининг собиқ зобитлари ёки Ироқ ислом партияси аъзолари бўлган 961 киши аниқланган.

Қайд этилишича, маҳбуслар аянчли аҳволда эди, уларнинг баданларида қийноқ излари қолган. Уларни кичик қафасларда тутиб туришган.

9 ноябрь куни ироқлик ҳарбийлар ИШИДдан озод этилган Ҳамам ал-Алил шаҳрида оммавий қабристонни топди. Унга боши олинган кишилар кўмилган бўлган.

Шу куннинг ўзида Мўсул марказида жангарилар 30 кишини электр стулда намойишкорона қатл қилди.

Октябрь ойининг иккинчи ярмида Ироқ армияси курд бўлинмалари билан иттифоқчиликда ва АҚШ бошчилигидаги ҳарбий коалиция самолётлари кўмагида Мўсулни жангарилардан озод этиш амалиётини бошлади. Кенг кўламли ҳужумларда қатнашаётган аскарлар ва кўнгиллилар сони 60 минг нафар атрофида. Турли манбалар маълумотларига кўра, шаҳар мудофаасида қолган жангарилар сони 5 минг нафаргача етади.

Top