Обама АҚШ президенти сифатида охирги йирик турнесини бошламоқда
Президентлик муддати 2017 йил январда якунига етадиган АҚШ президенти Барак Обама 14 ноябрда президент сифатида ўзининг охирги йирик турнесини бошлайди. Обама 14 ноябрдан 20 ноябргача бўлган давр ичида Греция, Германия ва Перуга ташриф буюради.
Обаманинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Бен Родснинг айтишича, даставвал президент фақатгина Перуга – Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик саммитига бориши режалаштирганди.
"Биз яқин иттифоқдошларимиз ва президентнинг 8 йил давомидаги энг яқин ҳамкорлари бўлган давлатлар билан бирдамлигимизни кўрсатиш учун Европага ташрифларни қўшдик", деб айтди Родс.
Унинг айтишича, Обама "АҚШ миллий хавфсизлиги учун зарур бўлган кучли ва ягона Европага қўллаб-қувватлов билдирмоқчи".
Обама турнесини Грецияга сафардан бошлайди. У Афинага 15 ноябрда етиб келади. Бу сафар Обама учун ўзгача сафар бўлади: бир томондан, у Грецияга илк маротаба ташриф буюрмоқда, бошқа томондан, бу сафар унинг бу мамлакатга охирги сафари ҳам бўлади.
Оқ уйда таъкидланишича, Обама Грецияга келиши биланоқ мамлакат президенти Прокопис Павлопулос билан қисқача суҳбатлашиб ўтади, сўнгра мамлакат бош вазири Алексис Ципрас билан музокаралар ўтказади. Кечки пайт эса давлат кечки овқати режалаштирилган.
Обама кейинги кун Грециядаги энг диққатга сазовор жойлардан бири бўлган қадимий Парфенонга ташриф буюради.
Обама 16 ноябрда Германияга йўл олади ва бу ерда нафақат Ангел Меркель билан, балки Европанинг бошқа бир қатор давлатлари етакчилари билан ҳам учрашади. Родснинг айтишича, томонлар "Вашингтон Европа билан бирга ҳаракат қиладиган барча масалалар – ИШИДга қарши кураш, миграция инқирози, экстремизмга қарши курашда ҳамкорлик, Сурия бўйича кейинги қадамлар, Украинадаги вазият бўйича маслаҳатлашадилар.
17 ноябрда Обама ва Меркель икки томонлама учрашувлар ўтказиб, сўнгра матбуот-анжумани берадилар. Сўнгра канцлер Обама шарафига уюштирадиган тушлик бўлиб ўтади.
Обама турнесининг охирги банди унинг Перуга ташрифи бўлади. Бу ерда 20 ноябрда Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик саммити бўлиб ўтади. 19 ноябрда эса Обама шу ерда Хитой раиси Си Цзиньпин ва Австралия бош вазири Малкольм Тернбулл билан учрашувлар ўтказади. Обама 20 ноябрда ҳам икки томонлама учрашувлар ўтказиши белгиланган, бироқ Оқ уй бу ҳақда маълумот бермаган.
Кутилишича, барча музокаралар давомида Транстинч океани ҳамкорлиги муҳокама қилинади.
Мавзуга оид
09:59 / 07.11.2024
Собиқ президент Обама Трампни сайловдаги ғалабаси билан табриклади
18:24 / 04.11.2024
Перуда футболчи ўйин вақтида чақмоқ уриши оқибатида ҳалок бўлди
21:55 / 22.10.2024
Перу собиқ президенти Алехандро Толедо пора олгани учун 20 йилга қамалди
23:36 / 11.10.2024