15:05 / 23.11.2016
6694

ҲОК қозоғистонлик оғир атлетикачини олимпия чемпионлигидан маҳрум этди

Фото: © РИА Новости

Халқаро олимпия қўмитаси 2008 ва 2012 йилги Олимпиада ўйинларининг оғир атлетика бўйича чемпиони қозоғистонлик Илья Ильин унвонини бекор қилиб, медалларидан маҳрум этди. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси сайтида хабар қилинган. 

"Халқаро олимпия қўмитаси интизом комиссияси, қозоғистонлик спортчининг "А" ва "В" допинг намуналарини такрорий текшириш натижасига кўра, оғир атлетика бўйича 94 кггача вазн тоифасида 2008 йилги Пекин Олимпиадаси ва 2012 йилги Лондон Олимпиадаси чемпиони Илья Ильинни ўтган ўйинлардан дисквалификация қилиб, унинг натижаларини бекор қилиш ва медалларини чақириб олишга қарор қилди", — дейилади хабарда. 

Қозоғистон МОҚга йўлланган расмий хабарда айтилишича, дисквалификация муддати бўйича қарорни Халқаро оғир атлетика федерацияси қабул қилади. 
 

Top