Жамият | 20:23 / 24.11.2016
18492
3 дақиқада ўқилади

«Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ»

Танбаллик ва дангасаликни келтириб чиқарадиган бир неча сабаб ва омиллар мавжуд бўлиб, ожизлик ҳам шулар жумласидан ҳисобланади. Набий (алайҳиссалом) марҳамат қилиб дедилар: «Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга маҳбуброқдир, лекин ҳар иккисида ҳам яхшилик бор. Сенга фойдали бўлган ишларга ҳарис бўлгин ва (ишингда) Аллоҳдан ёрдам сўрагин, лекин ҳаргиз ожизланмагин!» (Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти). Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминларни фойда ва манфаат келтирадиган ишларда Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда фаол, ғайратли ва пешқадам бўлишга тарғиб қилганлар, ожизланиш ва иккиланиш, журъатсизликдан қайтарганлар.  

Кўп уйқу, кўп ейиш ҳам ялқовликка сабаб бўлади. Чунки, кўп ухлайдиган одамнинг баданлари бўшашиб, камҳаракат бўлиб қолади, ғафлат ва роҳатга берилади. Асосий вақти шу йўсинда ўтгач, ўз-ўзидан кўплаб фойдали ишларни ўтказиб юборади. Ибн Қаййум айтади: «Кўп ухлаш қалбни ўлдиради, жасадни ишдан чиқаради, вақтни зое қилади ҳамда ғафлат билан дангасаликни чақиради» (Мадорижус соликин). 

Кўп еб-ичиш ҳам шундай, баданни семиртириб, оғирлаштириб қўяди. Тўйиб овқат еганда жасаддаги куч-қувват захираси овқатни ҳазм қилишга йўналтирилгани учун инсон тани бўшашиб, уйқуга майли кучаяди. Ўша вақтда инсон уйида бўлса ёки юмшоқ ўриндиқларда ўтирган бўлса, мудроқ босиб, нафсининг ором истагига енгилиб, кўзларини оҳиста уйқуга таслим қилганини билмай ҳам қолади. Қарабсизки, яна бир режадаги иш ортга сурилади.  

Шунингдек, дабдабали, керагидан ортиқча қулайликларга берилиб ҳаёт кечириш ҳам дангасаликни келтириб чиқарувчи омиллардан саналади. Инсон бой бўлиб, қаерга узатса қўли етадиган даражада бўлса ҳам, ўз юмушларини ўзи бажаришга ҳаракат қилиши афзалдир. Токи ялқовлик балосига гирифтор бўлиб қолмасин. Баъзи бир бадавлат кишиларни биламиз, гарчи бировларни ёллаб ишлатишга қодир бўлсалар ҳам, ўз қўллари билан меҳнат қилишдан роҳатланишади. Машинани ўзлари ҳайдашади, ҳовлиларида меҳнат қилиб туришади, экинтикинларга қараб, гуллар тагига сув қуйиб, турли овқатлар пишириб, бекорчиликка ўрин қолдиришмайди.

Инсон бойиб, фаровон ҳаётга эришганидан сўнг меҳнатни тарк қилиб қўядиган бўлса, ҳаётнинг маънавий файз-баракасидан, фойдали меҳнат берадиган роҳатлардан маҳрум бўлиб қолади ва гарчи бой, кўпни кўрган бўлса ҳам ундай инсоннинг халқ орасида ҳурмати қолмайди.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 

Мавзуга оид