80 йиллик физик назария тасдиқланди
Италия ва польшалик физиклар илк марта 1930-йиллардаёқ квант электродинамикаси томонидан мавжудлиги тахмин қилинган вакуум хусусиятларини кузатишди. Европа жанубий расадхонасининг YouTube каналида бунга изоҳ берувчи видео пайдо бўлди.
Кузатувлар вакуумнинг иккиламчи нур синиши квант эффектига мойил эканлигини кўрсатди. "Квант электродинамикаси доирасида кучли магнитланган вакуум унда тарқалувчи нурга нисбатан призма каби ҳаракатланмоқда. Айнан шу эффект вакуумдаги иккиламчи нур синиши деб аталади", - таъкидлади тадқиқот раҳбари Роберто Миньяни.
Маълумотлар таҳлили олимларга тахминан 16 фоиз чизиқли поляризацияни аниқлаш имконини берган. Астрофизиклар уни RX J1856.5-3754 нейтрон юлдузини ўраб турувчи кенгликдаги вакуум иккиламчи синиши эффекти таъсири сифатида талқин қилишди.
Замонавий ўлчов техникаси имкониятларини ҳисобга олиб, бу кўринишни фақат ўта кучли магнит майдонларида кузатиш мумкин. Нейтрон юлдузлар - RX J1856.5-3754 яқинида айнан шундай шароитлар мавжуд. Астрофизиклар бу ҳодисани Чилида жойлашган Европа жанубий расадхонасидаги Жуда катта телескоп ёрдамида кузатишга муваффақ бўлишди.
Вакуумдаги иккиламчи нур синиши назарий томондан тахминан 80 йил аввал физик олимлар Вернер Гейзенберг ва Ганс Эйлерларнинг илмий ишларида баён қилинган. Шуни таъкидлаш жоизки, олимлар илк марта квант ҳодисасининг мавжудлигини тасдиқловчи кузатувларни амалга оширишди.