09:28 / 15.12.2016
9231

Кекса ёшдаги инсонлар умрини узайтириш усули маълум қилинди

Фото: Google image

Лондон Университет коллежи олимлари кекса ёшдаги инсонларнинг ҳаётдан мамнун бўлишлари умрлари давомийлигига таъсир кўрсатишини аниқлашди. Бу ҳақда BMJ журналида хабар берилган.

Олимлар 50 дан катта бўлган ҳамда ўртача ёши 63 йилни ташкил этган тўққиз минг инсонни сўровдан ўтказишди. Тадқиқот 2002-2006 йиллар оралиғида бўлиб ўтган. Иштирокчиларга ўз ҳаётларидан қанчалик мамнун эканликлари борасида бир неча саволлар берилди. Шундан сўнг бу маълумотлар ўлим ҳолати кўрсаткичлари билан солиштирилган.

Кузатувлар вақтида тадқиқотнинг 1310 қатнашчиси вафот этди. Шу билан бирга, ҳаётдан кўз юмганларнинг аксарияти ундан лаззат олмаганликларини билдиришган. Иш муаллифларининг фикрича, сўровдан қатнашганларнинг ўз ҳаётидан мамнун бўлмаслиги оғир хасталик ёки бошқа сабабларга боғлиқ бўлиши мумкин.

Мутахассисларнинг аниқлик киритишича, уларнинг тадқиқоти субъектив ҳаловат кекса ёшдаги инсонларнинг соғлиғи ва жисмоний ҳолати учун муҳим эканини кўрсатиб берган. Олимлар бундай кишиларга кўпроқ қувониш ва ҳаётдан лаззатланишни маслаҳат беришмоқда.
 

Top