10:06 / 21.12.2016
26936

Ҳасанбой Дўсматов "Йилнинг энг яхши боксчиси" соврини билан тақдирланди

Ўзбекистонлик боксчи, XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг олтин медаль соҳиби Ҳасанбой Дўсматов Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA) томонидан "Йилнинг энг яхши боксчиси" деб топилди.

Йилнинг энг яхши боксчисини аниқлаш мақсадида AIBA томонидан ўтказилган сўровномада Ҳасанбой Дўсматов энг кўп овоз тўплаб, кубалик Робейси Рамирес ва қозоғистонлик Дониёр Елеусиновни катта фарқ билан ортда қолдирди. 

Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси Ижроия қўмитаси йиғилиши ва AIBAнинг 70 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда Ҳасанбой Дўсматовга 2016 йил якунларига кўра "Йилнинг энг яхши боксчиси" соврини топширилди.

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик боксчилар 3 олтин, 2 кумуш, 2 бронза медални қўлга киритган эди. 

Ҳасанбой Дўсматов вазни 49 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги беллашувларда Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига дастлабки олтин медални келтирган эди. Ҳасанбой Дўсматов Олимпиаданинг энг яхши боксчиси сифатида Вэл Баркер кубоги билан ҳам тақдирланган илк ўзбек боксчи бўлди. 

Шунингдек, тадбирда AIBA ижроия қўмитаси аъзоси, Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шерзод Ташматов AIBA WSB йўналиши бўйича йилнинг энг яхши жамоа мукофотини "Cuba Domadores"га топширди.

Top