13:54 / 05.01.2017
35177

“Виртуал қабулхонага раҳмат”

Таҳририятимизга Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи ўқувчимиздан мактуб келди. Мактубда унинг “Виртуал қабулхона”га йўллаган мактуби эътиборсиз қолмагани ҳамда мурожаат қилинган масала юзасидан амалий ёрдам кўрсатилгани баён этилган. 

Қуйида ушбу мактубни эътиборингизга ҳавола этамиз:

“Юртимизда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашга берилаётган эътибордан жуда ҳам мамнунмиз. Инсон ўз фарзандининг камолини кўришни, бахтли-саодатли бўлишини орзу қилади. Айниқса, қиз болалар тақдири ота-она учун жуда ҳам масъулиятли. 

Фарзандим Матлубахон юрагида туғма пороги билан туғилган эди. Оғир ишларни бажара олмасди, озгина ҳаракат қилса, чарчаб қоларди. Шунинг учун ҳар йили шифокорлар кўригидан ўтиб, даволаниб келади. Бу йил у 10 ёшга тўлди. Шифокорлар энди қизингизнинг юрагини операция қилдирса ҳам бўлади, дейишди. Лекин операция учун кетадиган дори-дармонлар, муоалажаларга маблағ зарур экан. Тўғриси, бу маблағ айни пайтда ўзимизда бўлмагани учун ёрдам сўраб виртуал қабулхонага мурожаат қилдим. 

Мурожаатим эътиборсиз қолмади. Наманган шаҳар ҳокимлиги менга амалий ёрдам берди. Ҳомийлик маблағи ўтказиб берилди. Вилоят кардиология марказида қизимнинг юрагини муваффаққиятли операция қилишди. Ҳозир Матлубахоннинг аҳволи яхши, юраги ҳам бир маромда ишлаяпти. 

Шунинг учун энг аввало шаҳар ҳокимлигига, саҳоватпеша ҳомийларга, вилоят кардиология марказининг саломатлик посбонларига оиламиз номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу ғамхўрликкка жавобан қизим албатта келгусида яхши оила бекаси, фаол инсон бўлиб жамиятимизга, халқимизга хизмат қилади.

Дилфуза Болтабоева,
Наманган шаҳри, Ғунча кўчасида яшовчи фуқаро”

Шу ўринда сизни қийнаётган масала юзасидан мурожаатларингизни Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига йўллашингиз мумкин эканини эслатиб ўтамиз. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва туманларида Президент Халқ қабулхоналари ҳам тузилади.

Top