Жаҳон | 17:53 / 13.01.2017
10412
2 дақиқада ўқилади

Синдзо Абэ Филиппин президентининг уйида нонушта қилди

Япония бош вазири Синдзо Абэ 12 январь куни Филиппинга ташриф буюрди. Абэ Филиппин президенти Родриго Дутертенинг оддий уйида нўхат шўрва ва гуруч унидан тайёрланган патирчаларни тановул қилиб, нонушта қилди. Бу ҳақида Gulf News нашрида хабар берилди. 

Дутертенинг айнан оддий ҳаёт тарзи миллионлаб филиппинликларнинг унга овоз беришига туртки бўлган.

Япониянинг Ғарбдаги иттифоқдошлари Филиппиннинг янги раҳбари билан қандай курашиш мумкинлиги устида бош қотираётган бир вақтда Абэ Дутерте билан илиқ муносабат ўрната олди. 

У Дутерте президент бўлиб сайлангандан кейин Филиппинга ташриф буюрган биринчи хорижий етакчи ҳисобланади. Абэ пайшанба куни дунёдаги энг тез ўсиб келаётган иқтисодиётнинг заифлашиб бораётган инфратузилмасини такомиллаштириш учун Филиппинга 1 триллион иен (8,77 миллиард доллар) инвестиция пакетини ёрдам тариқасида тақдим этди. 

Жума куни етакчилар оддий кийиниб, бизнесни муҳокама қилмасликка қарор қилишди, ОАВда уларнинг асосан маҳаллий таомлар билан нонушта қилаётган суратлари тарқалди. Дутертенинг бош ёрдамчиси Кристофер "Бонг" Го ўзининг Facebook'даги тармоғида ушбу суратлар билан бўлишди.

Унинг сўзларига кўра, Абэ президентнинг турмуш тарзи билан яқиндан таништирилган. Шунингдек унга "Сакура" номли филиппин бургутини совға қилишган. Бургут овчилар томонидан яралангандан сўнг маҳаллий реабилитацион марказлардан бирида даволанаётгани учун жаноб Абэ уни шахсан кўра олмади, бироқ рамзий маънода унга топширилган бургут ўйинчоқни қабул қилди, унда "Сакура жаноб Синдзо Абэ томонидан қабул қилинди", деб ёзилган эди.

Мавзуга оид