Жаҳон | 15:30 / 20.01.2017
12406
2 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмон Тожикистонда 2017 йилни Ёшлар йили деб эълон қилди

Фото: News.tj

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакатда 2017 йилни Ёшлар йили деб эълон қилиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. 

Давлат раҳбари президент девонига бир ой муддат ичида ўз Фармонини амалга ошириш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифасини юклаган. 

Имомали Раҳмон 22 декабрда парламентга йўллаган мурожаатида Тожикистонда 2017 йилни Ёшлар йили деб эълон қилиш таклифини берганди.

Тожикистон раҳбари ўтган йили мамлакат ёшлар иши бўйича Кенгашининг биринчи йиғилишида нутқ сўзлаб, ёшларни террорчилик ва экстремистик ташкилотлар сафига бориб қўшилишдан, шунингдек гиёҳвандликдан сақланишга чақирганди. У ёшларга кўпроқ илм ўрганиш, илмий-тадқиқот иши билан шуғулланиш, ихтиролар қилиш, ўзининг руҳий-жисмоний ривожланишига катта эътибор қаратишни маслаҳат берди.

Тожикистонда ёшлар иши бўйича миллий кенгаш президентнинг 2015 йил 18 июлдаги фармонига кўра ташкил этилди. У Имомали Раҳмон бошчилигидаги 43 аъзодан иборат.

Президентнинг сўзларига кўра, тузилманинг мақсади – ёшлар сиёсати билан боғлиқ масалаларни амалга оширишни назорат қилиш, ёшларни муҳим давлат ва жамоат ишларига жалб этиш, марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ёшлар бирлашмалари ҳамда ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтиш ва фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборат.

Мавзуга оид