Жаҳон | 17:51 / 13.05.2026
2955
2 дақиқада ўқилади

«Дўстлик – абадий, душманлик – ҳеч қачон» - Тожикистон ва Хитой ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди

Пекинда ўтган олий даражадаги музокаралар салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланиши билан якунланди.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Пекин шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги Тожикистон-Хитой музокаралари якунида, 13 май куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Хитой раиси Си Жинпинг янги даврда ҳар томонлама ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнотни ҳамда Тожикистон ва Хитой ўртасида абадий дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади.

Икки давлат раҳбарлари Шартноманинг бош шиори «Дўстлик – абадий, душманлик – ҳеч қачон», эканини таъкидладилар.

Музокаралар тор ва кенгайтирилган таркибда бўлиб ўтди. Икки давлат раҳбарлари стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорлик ва минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди.

ХХР Раиси Си Жинпинг Эмомали Раҳмонни қутлар экан, мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг ўзига хос хусусиятини ва Тожикистон президентининг уларни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини таъкидлади.

Хитой раҳбари, шунингдек, Эмомали Раҳмонга Пекин университетининг фахрий профессори унвони берилгани Хитой халқининг чуқур ҳурмати рамзи эканини таъкидлади.

Эмомали Раҳмон Хитой томонига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, бугунги кунда Хитой Тожикистоннинг етакчи ташқи иқтисодий ҳамкори эканини таъкидлади. Республикада Хитой капитали иштирокидаги 700 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

«Бу жараён самимий дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари билан чамбарчас боғланган халқларимизнинг туб манфаатларига мос келади», деди Эмомали Раҳмон.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид