08:55 / 21.01.2017
36443

Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида Хўжайли туманида бўлди

Фото: fb.com/UzLiDeP

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон республикасига ташрифи доирасида Хўжайли тумани марказий шифохонасига ташриф буюрди. Замонавий тиббий техника билан жиҳозланган ушбу муассаса тумандаги 11 қишлоқ врачлик пункти ва 4 поликлиника билан биргаликда 130 мингдан зиёд аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда, деб хабар қилмоқда ЎзА агентлиги.

Шавкат Мирзиёев шифохонадаги шароит билан танишди, қабул, рентген, диагностика ва қатор бошқа бўлимларни кўздан кечирди. Шифокорлар билан мулоқотда малакали тиббий кадрлар етиштириш, тиббий жиҳозлардан унумли фойдаланиш, хизмат малакасини ошириш, шифохоналар қуришда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос иқлим шароитидан келиб чиқиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Шундан сўнг, давлат раҳбари “Мурувват” аёллар интернатига бориб, ушбу муассаса фаолияти билан танишди. Шифокор ва ҳамширалар билан суҳбатлашиб, бу масканда яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш учун давлат томонидан ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.

Тумандаги 69-мактаб ўқитувчилари билан бўлган мулоқот чоғида мактабларнинг инфратузилмасини яхшилаш, бу ерда лицей ва коллежларнинг бўлғуси муносиб ўқувчиларини тайёрлаш ва умуман Ватан равнақи учун малакали кадрлар тарбиялаш ишларини такомиллаштириш мавзуида сўз борди.

Шавкат Мирзиёев Агросаноат маркази қурилаётган участкага ҳам ташриф буюрди. 2017-2018 йилларда ишга туширилиши мўлжалланаётган ушбу мажмуа 11 гектар майдонни эгаллайди. Бу ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш бинолари, шунингдек, терминал, юк тушириш ва ортиш майдони, музхоналар, иссиқхоналар, божхона, ангар, меҳмонхона, овқатланиш муассасаси, спорт мажмуаси каби иншоотлар барпо этилади.

Шу ернинг ўзида Хўжайлида турар-жой инфратузилмасини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Давлат раҳбари одамлар бошланган ўзгаришларни ўз ҳаётида ҳис қилиши учун жорий йил якунигача 40 кўп қаватли турар-жой биноси барпо этиш ва фойдаланишга топшириш тўғрисида кўрсатма берди.

Шавкат Мирзиёев “Қорақалпоғистон” қишлоқ врачлик пунктида ҳам бўлди. Шифокорлар билан суҳбат асносида аҳолининг давлат идораларига ишончини мустаҳкамлашда тиббиёт муассасалари ходимларининг фаолияти алоҳида ўрин тутиши таъкидланди. Қишлоқ врачлик пунктларини замонавий тиббий жиҳозлар билан бир қаторда дори-дармон ва бошқа зарур ашёлар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Top