Жаҳон | 08:10 / 22.01.2017
13353
3 дақиқада ўқилади

Бутун дунё бўйлаб Трампга қарши оммавий норозилик акциялари бўлиб ўтди

21 январда бутун дунё бўйлаб АҚШнинг янги президенти Дональд Трампга қарши "Аёллар марши" деб номланган норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Акция номи аёллар иштирокини назарда тутсада, унда минглаб эркаклар ҳам иштирок этди.     

Австралияда 3000 га яқин киши Трампга қарши аёллар маршига чиқди. АҚШ президенти сайловолди кампанияси вақтида бир неча маротаба жинс бўйича таҳқирлашда айбланиб келган. Мисол учун, Трампга у "Дунё гўзали – 2002"ни семиз деб атаб, унинг устидан ТВ-шоу вақтида мазах қилгани эслатиб қўйилди. Шунингдек, вице-президент Майкл Пенс абортларга қарши чиқиши ва бесоқолбозларни электрошок билан даволашни қўллаб-қувватлаши билан маълум. Янги Зеландияда шундай маршга 2 минг киши чиқди. 

Лондондаги маршда бир неча ўн минг одам иштирок этди. Намойиш иштирокчилари ирқий тенглик, арзон соғлиқни сақлаш тизими ва аборт қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватладилар. Норозиларни қўллаб-қувватлаш учун Лондон мэри Содиқ Хон ҳам иштирок этди.

Италиядаги марш Римдаги Ротонда майдонида тўпланди. Бу ерда "Трамп – менинг президентим эмас", "Деворлар эмас, кўприклар", "Инсон ирқлари мавжуд эмас" шиорлари остида юзлаб италиялик кўчаларга чиқишди. Флоренцияда ҳам норозилик намойиши бўлиб ўтган.
 
Стокҳольмда Трампга қарши бир неча минг киши норозилик билдирган. Улар шаҳар марказида тўпланиб, "Расо эркаклар тенгҳуқуқликдан қўрқмайдилар", "Бизнинг ҳуқуқлардан қўлни тортинг", деган ёзувли транспарантлар билан АҚШ элчихонасига қараб юришган.

Францияда парижликлар Эйфел минораси остигача юриб боришган. Намойишчиларнинг қўлида АҚШ байроқлари ва турли норозилик плакатларидан ташқари, анархистларнинг қора байроғи ҳам бўлган. 

Дублинда Трампга қарши норозиликлар шаҳар марказини фалажлаб қўйган.
 
Ригадаги маршда 200 аёл иштирок этган. 

"Аёллар марши" ҳаттоки Африкагача ҳам етиб борди. Эътиборлиси, сайёрамизнинг энг чекка жойларидан бири – Антарктидада ҳам Трампга қаршилар топилди. У ерда "Пингвинлар тинчлик учун" деган шиорлар билдирилди.   

АҚШнинг ўзида ҳам аёллар ҳуқуқлари учун акциялар бир нечта шаҳарларда бўлиб ўтди. Улардан энг йириги Вашингтонда ўтди ва унга 200 минг киши чиқди.

Мавзуга оид