Ўзбекистон | 14:44 / 24.01.2017
15207
5 дақиқада ўқилади

Ахборот технологиялари соҳасида амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди

Жорий йил 21 январь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2016 йилдаги фаолияти сарҳисоби, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг бориши, истиқболдаги вазифа ҳамда лойиҳаларни белгилашга бағишланган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилмоқда

Ҳайъат йиғилиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, ҳар тарафлама ва танқидий таҳлил руҳида ўтди.

Жумладан, йиғилишда қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси экани таъкидланди. Унда ҳисобот даврида соҳа корхоналари томонидан эришилган натижалар танқидий ўрганилиб, йўл қўйилган камчиликлар, мавжуд муаммолар қайд этилди.

Мамлакат ҳудудида ахборот технологияларининг ривожланиши ва татбиқ этилиш ҳолати ўрганилиб, жойларда "электрон ҳукумат" тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги қониқарсиз экани таъкидланди. Жумладан, бу бўйича вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах ҳамда Фарғона вилоятлари бўлинмалари раҳбарлари фаолияти танқид остига олиниб, ташаббускорликнинг етишмаслиги, вазифаларни ўз вақтида бажармаслик, АКТ ҳамда кенг полосали телекоммуникация хизматларининг жорий этилишида етарлича назоратнинг ўрнатилмагани қайд этилди.

Ҳудудларда АКТни жорий этиш мақсадида вилоят ҳокимликлари қошида "Компьютерлаштириш маркази" давлат унитар корхоналари ташкил этилган эди. Аммо, вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан мазкур марказлар билан ҳамкорлик натижадорлиги ва самарадорлиги замонавий талабларга умуман жавоб бермайди. Шу муносабат билан, йиғилишда ушбу марказлар фаолиятини тубдан яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси берилди.

Шунингдек, тизимда юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳолатига алоҳида диққат қаратилди. 2016 йилда вазирликка 3835 та мурожаат келиб тушган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали 2760 та, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг виртуал қабулхонаси орқали 318 та, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 367 та, шунингдек ёзма шаклда 390 та мурожаат келиб тушган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудлар кесимида мурожаатларнинг аксарияти Тошкент шаҳри (жами мурожаатларнинг 44 фоизи), Тошкент вилояти (14 фоиз) ҳамда Фарғона вилояти (6 фоиз) ҳиссасига тўғри келади. Йиғилишда фуқаро мурожаатлари бўйича ишлашда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, ижро-интизомининг бузилиш ҳолатлари кўрсатилди.

Шу билан бирга, "Ўзбектелеком" АК раҳбариятига ҳамда унинг ҳудудлардаги бўлинмалари раҳбарларига аҳоли ўртасида сайёр йиғилишлар ўтказиш орқали компания абонентлари билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш, уларни қийнаётган масалаларни тезкор ҳал қилиш, телекоммуникация тармоқларини истиқболда ривожлантириш ва сифатли алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича чораларни кўриш вазифаси юклатилди.

Ҳайъат йиғилишида симли ва симсиз алоқа хизматларини кўрсатувчи операторларнинг фаолиятидаги нуқсонлар, фуқаро мурожаатлари асосида телекоммуникация хизматларини яхшиламаслик ҳолатлари кўрсатилди. Уларга қўнғироқларни қайта ишлаш марказлари фаолиятини яхшилаш, абонентлар мурожаатларига юқори даражада ёндашиш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.

Фуқаро мурожаатлари таҳлили шуни кўрсатадики, бугунги кунда почта хизматларини кўрсатишда почта жўнатмалари ва даврий матбуот нашрларининг ўз вақтида етказиб берилмаслиги, почта тизими ходимларининг ўз вазифаларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Шу муносабат билан, "Ўзбекистон почтаси" АЖ раҳбариятига жамиятнинг Сурхондарё ва Андижон вилоятларидаги бўлинмалари раҳбарларига нисбатан чоралар кўриш вазифаси юклатилди.

"Электрон ҳукумат" тизими самарадорлигини ошириш мақсадида, масъулларга давлат идораларининг ахборот тизимларини "Электрон ҳукумат" идоралараро ягона марказлашган платформасига улаб қўйиш, янги ахборот тизимлари комплексларини жорий этишни жадаллаштириш вазифалари юкланди.

Таъкидлангани каби, Ягона интерактив давлат хизматлари порталига 2016 йилда 52 турдаги янги интерактив хизмат жорий қилинган. Натижада, уларнинг умумий сони 300 дан ошди. Давлат органлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субектларига 945 мингдан зиёд хизматлар кўрсатилди. Шунингдек, йиғилишда аксарият хизматларнинг фойдалилик ва интерактивлилик даражаси етарли эмаслиги айтилди.

Шу билан бирга, Ҳайъатда аҳоли учун фойдали ва зарур, эҳтиёж юқори бўлган алоқа хизматлари сифатини яхшилаш бўйича мунтазам ишлаш, аҳоли ҳамда тадбиркорларга икки томонлама манфаатдор давлат хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича вазифалар берилди.

Ҳайъат йиғилишида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Қарорда ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар аниқлаб олинди.

Мавзуга оид