Жаҳон | 16:26 / 27.01.2017
24489
6 дақиқада ўқилади

АҚШ томонда нима гаплар: Трамп президентлигининг илк ҳафтаси таассуротлари

Мексика ўртасида барпо этилажак девор, соғлиқни сақлаш тўғрисидаги қонуннинг бекор қилиниши ва иммиграцияни чеклаш ҳамда бошқа хабарлар хусусида батафсил. 

Дональд Трамп Оқ уйнинг Овал хонасида

Дональд Трамп 2017 йил 20 январида АҚШ президенти лавозимига киришди. Ваколатларини бажараётганига бир ҳафта бўлишига қарамай, шов-шувли баёнот ва кўрсатмалар беришга улгурди. Унинг барча ташаббуслари у ёки бу маънода сайловолди кампанияси чоғида берилган ваъдалар билан боғлиқ ва Барак Обаманинг сиёсатини кескин ўзгартириб юборди. 

Ҳозирча, Трамп ўзининг барча ғояларини амалга ошира оладими-йўқми, бирон нарса дейиш қийин. Масалан, Мексика президенти умумий чегарада девор қуриш бўйича турли қарашлар сабабли у билан учрашувини бекор қилди. TJournal Трампнинг олти кунлик давлат раҳбари лавозимидаги фаолиятига кўз югуртирган. 

Дональд Трамп Мексика билан девор қуриш ҳақидаги сайловолди баёнотлари қуруқ гап эмаслигини амалда исботлашга киришди. 25 январда президент ўзининг баландпарвоз ваъдасига мувофиқ, жанубий чегаралардаги миграция инқирозига барҳам бериш мақсадида девор қуришга доир қарорини имзолади. 

Бундан бир кунлар аввал, Трамп ABC телекомпаниясига берган интервьюсида, қурилиш ишлари «бир неча ойлардан сўнг» бошланиши мумкинлигини қайд этди. Давлат раҳбари бу борада аниқ санани айтмаган бўлса-да, кейинроқ зудлик билан бошланишига ишора қилди. 

Таъкидлаш жоизки, Трампнинг ушбу режасини амалга ошириш пулга бориб тақалади. АҚШ раҳбари барча харажатларни Мексикадан ундириб олишни хоҳламоқда. Қўшни давлат раҳбарияти эса, бир неча маротаба рад жавобини бергани маълум. 

Трампнинг ҳисоб-китобларига кўра, 3 минг кмлик девор камида 12 млрд долларга айланади. Мутахассислар эса, иншоотнинг ҳақиқий баҳоси 15-25 млрд долларни ташкил этишини айтишмоқда. Дональд Трамп лойиҳани амалга ошириш учун молиявий манбани ҳал қилиши талаб этилади. Шу билан бирга, Конгресс ҳам шу режани қўшимча молиялаштиришни тасдиқлаши керак бўлади. 

Трампнинг илк фармонларидан яна бири бу соғлиқни сақлашга доир Обама қонунини босқичма-босқич бекор қилиш бўлди. Обаманинг ташриф қоғози ва кўплаб зиддиятли қарашларга сабаб бўлган «Affordable Care Act» дастурини бекор қилишни мамлакат Сенати ҳам қўллаб-қувватлади. 

Кўпроқ, Obamacare номи билан танилган ислоҳот даромадидан қатъий назар ҳар бир америкалик учун тиббий суғуртани жорий қилишни кўзда тутар эди. Натижада, Обама рақибларининг сўзларига кўра, қонун суғурта қийматининг ошиши ва коррупция авж олишига олиб келди. 

Дональд Трамп ҳиндулар ерлари орқали нефть қувурларини барпо қилиш борасида ҳам жиддий тўхтамга келганини яққол намоён этмоқда. Оқ уй раҳбари кўп сонли экология фаоллари ва ҳиндулар аҳолисининг норозилигига қарамай, Шимолий Дакотадаги Keystone XL ва Dakota Access Pipeline нефть қувурларини қуриш ишларини қайта бошлади.
 
Dakota Access қувурини қуриш 2016 йил декабридан, Keystone XL қурилиши эса, 2015 йил декабридан музлатилган эди. Трамп экологияга салбий таъсирини қайта экспертизадан ўтказиш жараёнини тезлаштиришга кўрсатма берди. Трампнинг кўрсатмасидан сўнг, экологлар ҳам намойишларни қайта бошлашди. Уларнинг фикрича, Миссури дарёси яқинида истиқомат қилувчи аҳоли ичимлик сувидан фойдаланиш имконини йўқотади, хавфсизлик билан боғлиқ вазият янада ёмонлашади. 

Greenpeace фаоллари «Қаршилик кўрсат» плакатини Оқ уй ортидаги кўтарма кранга осиб қўйишди

Шу ўринда, Трамп президентлигининг илк ҳафтаси ноқонуний муҳожирликка қарши курашишни кучайтиришга қаратилган янги қоидалар қабул қилингани билан ҳам ёдда қолади. Янги фармонга кўра, ҳар қандай ҳужжатсиз фуқаро ушлаб олинса, депортация қилиниши мумкин. Уни қўйиб юборишмайди. Президент, шунингдек, АҚШ жанубидаги қоидабузарларни вақтинча сақлаш марказларини кенгайтиришни ҳам ёддан чиқармади.

Бундан ташқари, ноқонуний муҳожир бошпана бериш сўралган ариза нусхаси кўрсатган тақдирда ҳам депортация қилинади. АҚШдан чиқариб юборилган ноқонуний муҳожирларни қабул қилишдан бош тортган мамлакат фуқароларига эса визалар бериш рад этилиши эҳтимоли кучаяди. 

Трампнинг ҳисоб-китобларига кўра, янги қонун туфайли АҚШдан 11 млнга яқин ноқонуний муҳожирни чиқариб юборишлари мумкин. Шу билан бирга, 7 та мусулмон мамлакати фуқароларига виза бериш бўйича бир ойлик тақиқ мавжудлигини Оқ уй маъмурияти рад этди.

Трамп хорижда абортларни амалга оширишда ёрдам берувчи ёки буни тарғиб қилувчи хорижий ташкилотларни давлат томонидан молиялашни тақиқлашни бекор қилган Обама қарорини кучдан қолдирди. Эндиликда, ҳомилани йўқотишга тарғиб қилувчи ташкилотларни Америка ҳукумати молиявий қўллаб-қувватламайди. Аслида, АҚШдаги аҳвол ўзгаргани йўқ. Бу мамлакатда абортга қонунан рухсат берилган. Тақиқ қашшоқ мамлакатларда ишлаётган кўнгиллиларнинг федерал грантларни аборт қилишда қўллашига қарши жорий этилади. 

Трампнинг 6 кунлик фаолиятидаги яна бир шов-шувли фармони бу АҚШнинг ТТҲ (Транстинчокеани ҳамкорлиги) келишувидан чиқиши тўғрисидаги ҳужжат бўлди. Мазкур савдо келишуви 12 давлатни ўз ичига олган, жаҳон иқтисодиётининг 40 фоизи, савдо айланмасининг 2/3 ҳажми уларнинг ҳиссасига тўғри келар эди. 

Трампнинг фикрича, ТТҲ АҚШ маҳсулотларини экспорт қилишга ҳалақит бериб, мамлакат иқтисодиётига катта хавф солган. Бунинг ўрнига, икки томонлама келишувлар билан чекланиш кифоя қилади. Ҳозирча, Трампнинг Қўшма Штатларда янги иш ўринлари барпо қилиш бўйича ўйлари амалга ошиши номаълум бўлса-да, ҳамкорликка Хитойнинг қўшилиши аниқ бўлиб турибди. 

Мавзуга оид