АҚШ компаниялари етакчилари Трамп сиёсатини танқид қилишди
Американинг айрим энг йирик компаниялари раҳбарлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг қочқинлар тўғрисидаги фармонини танқид қилувчилар сафига қўшилишди. Бу ҳақда Mashable ёзмоқда.
"Apple муҳожирларсиз, гуллаб-яшнаш ва ривожланиш бир ёқда турсин, мавжуд бўла олмасди", — дея Apple корпорацияси раҳбари Тим Кук сўзларини келтиради нашр.
Кукнинг қайд этишича, корпорациянинг айрим ходимларига Трамп фармони бевосита таъсир қилган. Компания эса, уларга кўмак бериш учун барча ишни қилади. Apple раҳбарининг сўзига кўра, корпорация Оқ уй билан боғланган ва фармоннинг салбий томонлари қандай бўлишини тушунтиришга уринган.
Uber такси хизмати раҳбари Трэвис Каланик ҳам, ўз навбатида, президент сиёсатидан ташвишини изҳор қилган ва унинг ходимлари фармон ижроси доирасига тушганини айтган. Каланикнинг сўзларига кўра, фармон "минглаб ҳайдовчилар" фаолиятини хавф остига қўймоқда.
Трамп фармонининг танқидига Netflix раҳбари Рид Хэйстингс ҳамда Twitter етакчиси Жек Дорси ҳам қўшилишди. Уларнинг сўзларига кўра, муҳожирлар ишлагани сабабли, мазкур компаниялар муваффақиятли фаолият юритмоқда. Дорсининг қайд этишича, янги фармон иқтисодиётга зарар келтиради.
Аввалроқ, Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси Марк Цукерберг "АҚШ – муҳожирлар мамлакати" эканидан фахрланиши кераклигини айтган эди.
Шу ҳафтада президент Дональд Трамп иммиграция сиёсатини кучайтиришга қаратилган қатор фармонлар имзолади. Хусусан, шундай фармондан бирига кўра, асосий аҳолиси мусулмонлардан иборат бўлган мамлакатлар фуқароларига 90 кунга АҚШга кириш тақиқланди. Бироқ, ҳужжатда қайси мамлакатлар ҳақида гап бораётганига ойдинлик киритилмаган бўлса-да, Америка ОАВ булар Ироқ, Эрон, Сурия, Судан, Яман, Ливия ва Сомали мамлакатлари эканини маълум қилди.
Шу билан бирга, Америка маъмурияти раҳбари қочқинларни АҚШда жойлаштириш дастурини 120 кунга тўхтатиш, шундан сўнг, йил давомида атиги 50 мингдан кўп бўлмаган қочқинни жойлаштиришга кўрсатма берган эди. Бироқ, суриялик қочқинларни киритиш номаълум муддатга бекор қилинган.
Мавзуга оид
00:30 / 13.11.2024
«Депортация, чегара девори, бекор қилинадиган гуманитар ёрдамлар». Трамп президентлигининг илк кунида нималар қилиши маълум бўлди
20:30 / 27.08.2024
АҚШ суди Байденнинг мигрантларни қонунийлаштириш дастурини вақтинча тўхтатиб қўйди
22:11 / 20.03.2024
Техас штати ноқонуний мигрантларни ҳибсга олиш ва қамаш ҳуқуқи учун курашмоқда
22:21 / 01.02.2024