Жаҳон | 20:30 / 27.08.2024
1819
2 дақиқада ўқилади

АҚШ суди Байденнинг мигрантларни қонунийлаштириш дастурини вақтинча тўхтатиб қўйди

Баъзи штатлар Байденнинг хатти-ҳаракатлари АҚШ иммиграция қонунларини қайта ёзиш мақсадида ижро ҳокимиятини суиистеъмол қилиш эканлигини таъкидламоқда.

Фото: AP

Техас штати федерал суди президент Жо Байден маъмуриятининг Қўшма Штатларда ҳужжатларсиз яшовчи мигрантларга ҳуқуқий мақом бериш дастурини тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда The Washington Post хабар берди.

Аввалроқ, АҚШ 16 штати ушбу дастурни тўхтатишни талаб қилиб, судга даъво аризаси киритган эди. Улар Байденнинг хатти-ҳаракатлари АҚШ иммиграция қонунларини қайта ёзиш мақсадида ижро ҳокимиятини суиистеъмол қилиш эканлигини таъкидладилар.

Суд дастур бўйича аризаларни тасдиқлашни икки ҳафтага тўхтатиб туришга қарор қилди, ушбу муддат узайтирилиши мумкин. Собиқ президент Доналд Трамп томонидан тайинланган судя Жон Кэмпбелл Баркер штатларнинг даъволарини «муҳим» деб топди ва улар «батафсил кўриб чиқилишга муҳтожлигини» таъкидлади. Шундай бўлса-да, ҳукуматга иммиграция аризаларини қабул қилишни давом эттиришга рухсат берилди.

АҚШ президенти 2024 йил июн ойида «Keeping Families Together» номли дастурини эълон қилди. Унинг шартларига кўра, америкаликлар билан қонуний никоҳда бўлган ва мамлакатда камида 10 йил яшаган одамлар доимий яшаш учун рухсатнома олишга ариза топшириши мумкин.

Байден маъмуриятининг ҳисоб-китобларига кўра, дастур 500 мингдан ортиқ одамни ва 21 ёшгача бўлган тахминан 50 минг болани қамраб олади.

Мавзуга оид