Фан-техника | 15:11 / 05.02.2017
5094
2 дақиқада ўқилади

Amazon ходимлар сонини қисқартирмай 15 минг роботни ишга туширди

Интернет орқали товар ва хизматларни сотиш билан шуғулланувчи дунёдаги энг йирик компания бир йилда 15 000 роботни ишга жалб қилди. Шуниси қизиқки, бу жараёнда ишчи ходимлар штати қисқариш ўрнига аксинча, 50 фоизга ошди. The Quartz шу ҳақида хабар берди. 

Amazon компаниясида жами 45 000 робот фаолият юритади, бироқ улар ҳозирча одамлар ўрнини боса олмади. Шу боис компания ўз ходимларини истеъфога чиқармаяпти, бунинг ўрнига ишчи ўринларни кўпайтиришда давом этмоқда. Бугунги кунга келиб у ерда 341 000 мутахассис хизмат кўрсатади. 

Amazon 2012 йилда Kiva стартапидан кейин ўз фаолиятида роботлардан фойдалана бошлади. Ўшандан буён компания штати қисқармаган, аксинча, йилига 30-50 фоизга ўсган. 

Kiva роботлари компания омборларидаги товарлар жойланган шкафларни ташиш билан шуғулланади. Бу эса товар етказиб бериш қийматини сезиларли даражада камайтирди. 

The Quartz тахминига кўра, етказиб бериш қийматининг пасайиши туфайли унга бўлган талаб ортган. Бунинг натижасида, табиийки, омборда ишлаш учун янги ишчиларни ёллашга тўғри келади.  

"Меҳнат бозорида инсонлар ўрнини роботлар эгаллайдими?" деган саволга экспертлар аниқ жавоб беришмайди. 

"Сунъий интеллект кетидан келиши мумкин бўлган ўзгаришлар (хусусан саноат секторига) ишчи ўринларнинг қисқаришига олиб келади. Шу муносабат билан биз ишсиз қолганлар учун барқарор минимал даромадни кафолатловчи тизимни яратиш ҳақида ўйлашимиз зарур". 

Сатоси Сирато, Mitsubishi япон тадқиқот институти ходими

Мавзуга оид