Иқтисодиёт | 19:21 / 06.02.2017
5439
2 дақиқада ўқилади

Туркиянинг энг йирик компаниялари акциялари миллий фаровонлик жамғармасига ўтказилди

Туркия ҳукумати қарорига биноан, Туркия фаровонлик фондига Turkish Airlines миллий авиаташувчисининг 49,12 фоиз акцияси ва мамлакатдаги энг йирик банк – Halkbank’нинг 51,11 фоиз акциялари ўтказилди.

Вазирлар маҳкамасининг яна бир қарори билан фаровонлик фондига Turk Telekom телекоммуникация операторининг 6,68 фоиз акциялари берилди. Улар аввал Туркия Ғазначилигига тегишли бўлган.

Туркия миллий фаровонлик жамғармаси 2016 йилнинг сентябрь ойи охирида ташкил этилган.

Жамғарма туфайли мамлакатнинг мудофаа саноати, авиация ва дастурий таъминот соҳаларида ишловчи кўплаб компанияларини қўллаб-қувватлаш имкони яратилди. Шу тариқа турк компаниялари халқаро даражага чиқишга муваффақ бўлди.

Туркия миллий фаровонлик жамғармаси устав капитали 50 миллион турк лираси (15 миллион доллардан кўпроқ) даражасида белгиланган. Тахминларга кўра, жамғарма маблағлари келажакда 200 миллиард турк лираси (60 миллиард доллардан ошиқроқ)га етиши керак.

Жамғарма “Истанбул” канали, Истанбулдаги учинчи аэропорт қурилиши, тез юрар темир йўл қатновини йўлга қўйиш ва бошқа йирик лойиҳаларни амалга оширишни осонлаштиради.

Шу тариқа, Туркия оз фурсат ичида иқтисодий соҳада кенг кўламли ташаббусларни амалга ошириш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, халқаро майдонда мамлакатнинг обрўси ортади.

Мавзуга оид