10:00 / 08.02.2017
14381

«Навоий кон-металлургия комбинати» раҳбари сузиш федерацияси раислигига сайланди

Навоий шаҳрида Ўзбекистон сузиш федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Йиғилишда 2013–2016 йиллар давомида амалга оширилган ишлар юзасидан Федерация раҳбарияти ҳамда бош мураббийларнинг ҳисоботи тингланди

МОҚ матбуот хизмати хабарида ўтган тўрт йил давомида сузиш, сув полоси, синхрон сузиш ва сувга сакраш турлари бўйича мамлакат спортчилари кўплаб халқаро турнирларда, Осиё ўйинлари ва қитъа чемпионатларида ватан шарафини ҳимоя қилиб, совриндорлар сафидан ўрин эгаллашгани, шу билан бирга Ўзбекистонда ҳам қатор ички ва халқаро мусобақалар юқори савияда ташкил қилиниб, янгидан-янги иқтидорлар сафи кенгайиб бораётгани таъкидланган. 

Конференцияда Ўзбекистон сузиш федерацияси раиси, Сенатор Қувондиқ Санақулов сўзга чиқиб, 2013-2016 йиллар давомида сув спорт турлари бўйича эришилган муваффақиятлар билан бирга, мураббийлар томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар, уларни бартараф этиш чоралари ҳамда истиқболдаги режалар хусусида атрофлича тўхталиб ўтди. Федерация раҳбари ўз нутқида сув спорти турларини мамлакатимизда янада ривожлантириш, айниқса келажагимиз эгалари бўлган ёшлар орасида оммавийлик даражасини юксалтириш масаласига алоҳида урғу берди.  

«Бизнинг олдимизда турган асосий вазифалардан бири бутун Республикамиз бўйлаб селекция ишларини янада кучайтириш, вилоят ва туманлардаги сув спорт турлари бўйича фаолият кўрсатиб келаётган мутахассисларнинг тажриба ва маҳоратини ошириш йўлида доимий равишда мураббийлик ва ҳакамлик семинарларини ташкил этиш, шунингдек, мамлакатимиздаги мавжуд сузиш ҳавзаларини йил давомида узлуксиз фаолият кўрсатиши ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва вилоят ҳокимликларига таклифлар киритишимиз зарур. Фурсатдан фойдаланиб 2013-2016 йиллар давомида федерацияга кўрсатган фидокорона ёрдами учун «Ўзметкомбинат» АЖ раҳбариятига алоҳида миннатдорчилик билдираман», - деди Қ.Санақулов. 

Йиғилишда жорий йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида сув спорт турлари бўйича 9-Осиё чемпионати бўлиб ўтиши режалаштирилгани ва мазкур спорт тадбири юртимизда илк бор ўтказилишини инобатга олган ҳолда, унга ҳар томонлама самарали тайёргарлик кўриш ва спортчиларимиз томонидан юқори натижаларни қўлга киритиш мақсадида, Осиё чемпионатида иштирок этадиган терма жамоамиз аъзоларини қатъий назоратга олиш, спортчилар ва мураббийлар учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.  

2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Олимпия ўйинларига сузиш спорт турида 6 та, синхрон сузишда эса 2 та йўлланмани қўлга киритиш режалаштирилган эди. Бироқ, якунда иккита лицензия қўлга киритилди. Бу борада йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий руҳда кўриб чиқилди ва 2020 йили Токио шаҳри (Япония)да ўтказиладиган навбатдаги Олимпиадага лицензияларни қўлга киритиш борасида мақсад ва вазифалар белгиланиб олинди.

Конференцияда сузиш Федерацияси раҳбариятининг янги таркиби ҳам сайланди. Унга кўра, Ўзбекистон сузиш федерацияси раиси лавозимига «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК бош директори Қувондиқ Санақулов, федерация бош котиблигига эса Алишер Ғаниев бир овоздан сайланди. «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК бош директори ўринбосари Саиахрол Гулямов ва «Ўзметкомбинат» АЖ бош директори Алик Нурутдинов раис ўринбосарлари этиб сайланди. Бундан ташқари федерациянинг Раёсати (11 кишидан иборат) ва назорат-тафтиш комиссияси (3 кишидан иборат) аъзолари таркиби сайланди. Қизғин баҳс ва мунозаларга бой тарзда бўлиб ўтган мажлис сўнггида федерациянинг Раёсатига сув спорт турлари бўйича бош мураббийларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини танқидий руҳда кўриб чиқиш вазифалари топширилди.

Top