Ўзбекистон | 14:30 / 18.03.2026
1787
2 дақиқада ўқилади

Термизда Ўзбекистон–Россия конференцияси бўлиб ўтади

30–31 март кунлари Термиз шаҳрида “Ўзбекистон–Россия: Евросиё маконида стратегик ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференция ташкил этилади. Тадбирда икки давлатнинг давлат идоралари, эксперт ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этади.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, конференция Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда “Валдай” халқаро мунозара клуби ҳамкорлигида ўтказилади.

Тадбир Ўзбекистон ва Россиядан таниқли экспертлар, давлат ташкилотлари ва илмий-тадқиқот марказлари вакилларини бир майдонга жамлайди.

Ўзбекистон томонидан СМТИ директори Элдор Арипов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов, рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев ва бошқалар иштирок этади.

Россия делегацияси таркиби ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин, элчи Алексей Ерхов, “Валдай” клуби фонди Кенгаши раиси Андрей Бистрицкий, шунингдек бошқа нуфузли экспертлардан иборат бўлади.

Конференциянинг асосий мақсади Ўзбекистон–Россия стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт ва технологик соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олишдан иборат.

Тадбир доирасида Евросиёда хавфсизлик ва барқарорлик, саноат ҳамкорлиги, инвестициялар, рақамлаштириш ҳамда транспорт ва савдо инфратузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, Татаристон Республикаси делегацияси иштирокида ҳудудлараро ҳамкорликка бағишланган алоҳида сессия ташкил этилиши режалаштирилган.

Конференция Термиз халқаро савдо марказида бўлиб ўтади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид