Жаҳон | 23:55 / 09.02.2017
9280
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркда кучли қор ёғиши туфайли БМТ бош қароргоҳи ёпиб қўйилди

АҚШнинг шимоли-шарқида ёққан кучли қорлар 9 февралда БМТ бош қароргоҳида белгиланган барча йиғилиш ва тадбирларнинг бекор қилинишига олиб келди. БМТ бош котиби девонхонасида маълум қилинишича, Манхэттеннинг шарқий соҳилбўйида жойлашган бош қароргоҳ 10 февралгача ёпилади. 

"Ёмон об-ҳаво шароити туфайли БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи пайшанба куни ёпилади", дейилган хабарда. 9 февралда бош қароргоҳда бир қатор тадбирлар, жумладан БМТ Бош ассамблеясининг террорчиликка қарши кураш стратегиясига бағишланган йиғилиши ўтиши керак эди.  

9 февралга ўтар кечаси Нью-Йорк, Нью-Жерси, Коннектикут ва Массачусетс штатларига ёққан кучли қорлар 3 мингдан кўпроқ авиарейс ва мактабларда машғулотларнинг бекор қилинишига олиб келди. Нью-Жерсида ёғингарчиликнинг илк соатларида 50 дан кўпроқ авария юз берган. 

Нью-Йоркда бир неча соат ичида ҳаво ҳарорати 12 градусдан 1 градусгача тушиб кетган. Тахмин қилинишича, қор қатлами 20 см гача, Бостон шаҳри ва Мэн штатининг шарқий ҳудудларида 45 см гачани ташкил қилади.

Мавзуга оид