Нью-Йорк вақти билан 1 январга ўтган пайтда, пайшанба кунинг илк лаҳзаларида Зоҳран Мамдани ушбу шаҳарнинг мери лавозимига киришди. У Манхеттендаги тарихий, фойдаланишдан чиқарилган City Hall метро бекатида лавозимга кириш қасамёдини қабул қилди. Демократ Мамдани АҚШнинг энг йирик шаҳрининг биринчи мусулмон раҳбари сифатида, қўлини тарихий мусхаф – Қуръони Карим китоби устига қўйиб, қасамёд қилди.

Фото: AP

«Бу — бутун умримдаги энг катта шараф ва имтиёздир», дея Мамданидан иқтибос келтирмоқда AP нашри. Маросим, унинг сиёсий иттифоқчиси – Нью-Йорк бош прокурори Летитиа Жеймс томонидан ўтказилди.

Мамдани мер сифатидаги илк баёнотларида эски метро бекатини «шаҳримизнинг ҳаётийлиги учун жамоат транспортининг нақадар муҳимлигини кўрсатиб турувчи гувоҳлик» деб атади. У шунингдек, Транспорт департаментининг янги раҳбари этиб Майк Флинн тайинланганини эълон қилди.

Фото: AP

Мамдани бугуннинг ўзида яна бир бор, тантаналироқ тарзда – тушдан кейин 13:00 да City Hall'даги оммавий маросимда ҳам қасамёд қилади. Ушбу маросимни Мамданининг яна бир иттифоқчиси – АҚШ сенатори Берни Сандерс олиб боради. Шундан сўнг унинг идораси Бродвейнинг бир қисмида оммавий байрам тадбирини ўтказади.

Шаҳарнинг биринчи мусулмон мери бўлишидан ташқари, 34 ёшли Мамдани Нью-Йоркнинг – энг ёш ва Африкада туғилган илк мери ҳам ҳисобланади.

У сайлов компаниясида «арзонлик» тушунчасини бутун сиёсий ҳаракатлари марказига қўйди, дейиш мумкин. Демократ-социалист Мамдани дунёдаги энг қиммат шаҳарлардан бирида яшаш харажатларини пасайтиришга қаратилган сиёсатлар орқали ўзгаришлар қилишга ваъда берган. Унинг дастурида бепул болалар парвариши, бепул автобуслар, тахминан 1 миллион хонадон учун ижара музлатилиши ва шаҳар бошқарувидаги озиқ-овқат дўконлари пилот лойиҳаси бор.