Жаҳон | 17:49 / 13.09.2025
9150
4 дақиқада ўқилади

Трамп Нью-Йоркда Қатар бош вазири билан тушлик қилди

Исроилнинг Доҳага ҳужуми ортидан Қатар бош вазири шайх Абдураҳмон ал-Сони икки давлатнинг ҳам иттифоқчиси ҳисобланган АҚШга борди. У дастлаб БМТ фавқулодда йиғилишида Исроилга қарши баёнотлар берди. Шундан сўнг Доналд Трамп ва унинг жамоаси билан учрашувлар ўтказди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп 12 сентябрь куни Нью-Йоркда Қатар бош вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон ал-Сони билан тушлик қилди. Учрашув АҚШнинг иттифоқчиси Исроил Доҳадаги ҲАМАС етакчиларига ҳужум қилганидан бир неча кун ўтиб бўлиб ўтди.

Reutersʼнинг ёзишича, учрашувда Трамп ва ал-Сонидан ташқари АҚШнинг махсус вакили Стив Уиткофф ҳам қатнашган.

«Президент билан ажойиб кечки овқат. Энди тугади», — деб ёзди Қатарнинг АҚШдаги элчихонаси раҳбарининг ўринбосари Ҳамаҳ ал-Муфтаҳ.

Оқ уй ҳам кечки овқат бўлиб ўтганини тасдиқлади, аммо тафсилотларни очиқламади.

Мазкур учрашувдан олдинроқ Қатар бош вазири шайх Абдураҳмон ал-Сони Оқ уйда АҚШ вице-президенти Ж.Д. Венс ва давлат котиби Марко Рубио билан бир соат давомида музокара ўтказди.

Учрашув тафсилотларидан хабардор Reuters манбасининг айтишича, улар Қатарнинг минтақада воситачилик келажаги ва Доҳадаги Исроил ҳужумларидан сўнг мудофаа ҳамкорлигини муҳокама қилган.

Фото: Қатар Ташқи ишлар вазирлиги

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Венс ва Рубио Қатарнинг «тинимсиз воситачилик саъй-ҳаракатлари ва минтақада тинчликка эришишдаги самарали роли» учун миннатдорчилик билдиргани ҳамда Доҳани «АҚШнинг ишончли стратегик иттифоқчиси» деб атагани айтилди.

Ал-Сони «Қатар давлати ўз хавфсизлигини ҳимоя қилиш ва ўз суверенитетини Исроилнинг ошкора ҳужумидан сақлаш учун барча чораларни кўришини» билдирди. Шунингдек, у Исроилни – тинчлик имкониятларини саботаж қилишга уринишда айблади, бироқ Қатар воситачилик ролидан чекинмаслигини билдирди.

Аввалроқ, Трамп Доҳага берилган зарбадан норози эканини, уни АҚШнинг ҳам, Исроилнинг ҳам манфаатларига хизмат қилмайдиган «бир томонлама ҳаракат» деб таърифлаганди. Трамп шунингдек, бош вазир Бенямин Нетаняҳу ва Қатар амирига телефон қилиб, бундай зарбалар қайта такрорланмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилган.

Вашингтон Қатарни Форс кўрфазидаги кучли иттифоқчиси сифатида кўради. Қатар Ғазода Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги узоқ давом этаётган сулҳ музокараларида, Исроилда гаровга олинганларни озод қилиш бўйича, ҳамда ҳудуд учун урушдан кейинги режани ишлаб чиқишда асосий воситачи бўлиб келмоқда.

Исроил ОАВларига кўра, Марко Рубио 13 сентябрь куни Исроилга сафар қилиши ва у ерда «Фаластин давлатини бир томонлама тан олиш каби ҳаракатларга қарши курашга бўлган садоқати» ҳақида гапириши кутилмоқда.

Қатар эса Доҳа шаҳрида 13-14 сентябрь кунлари Исроил ҳужумини муҳокама қилиш учун фавқулодда Араб-Ислом олами саммитини чақирди.

Фаластин соғлиқни сақлаш расмийларининг маълумотига кўра, Исроилнинг 2023 йил октябридан буён Ғазога уюштирган ҳужуми 64 мингдан ортиқ одамнинг ҳалок бўлишига олиб келган, деярли бутун аҳолини ички кўчкинчига айлантирган ва очарчилик инқирозини келтириб чиқарган. Кўплаб ҳуқуқ экспертлари ва олимлар Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларини геноцид деб баҳолашмоқда.

Фото: Reuters

Бундан ташқари, Исроил сешанба куни Қатарда ҲАМАСнинг сиёсий етакчиларини йўқ қилишга уринди. Бу зарба АҚШ қўллаб-қувватлаган воситачилик ҳаракатларини издан чиқариш хавфини туғдирди ва халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид