19:39 / 10.02.2017
7852

АПЛда январь ойининг энг яхшилари маълум бўлди

Англия премьер-лигасининг январь ойидаги энг яхши футболчиси, энг яхши мураббийи ва энг чиройли голи муаллифи номи маълум бўлди.

Ой футболчиси
«Тоттенҳэм» яримҳимоячиси Деле Алли ойнинг тенгсиз футболчиси деб топилган.

Деле Алли январь ойида 5 учрашувда майдонга тушиб, 5 гол урди ва бир голга ҳаммуаллифлик қилди. Унинг голлари «Уотфорд» (2та), «Челси» (2та) ва «Манчестер Сити» дарвозаларига урилган, у шунингдек, «Вест Бромвич» дарвозасига урилган голга пас берган.

Ойнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун яна 7 нафар футболчи, Алексис Санчес («Арсенал») Адам Лаллана («Ливерпуль»), Диего Коста ҳамда Ҳарри Кейҳилл («Челси»), Златан Ибраҳимович ҳамда Поль Погба («Манчестер Юнайтед») ва Кристиан Эриксен («Тоттенҳэм») даъвогар бўлганди.

Ой мураббийи
«Суонси»нинг янги бош мураббийи Пол Клемент ойнинг энг яхши мураббийи деб топилди.

Уэльсликлар жамоаси Клемент бошчилигида 3 учрашувда ғалаба қозониб, бир марта мағлубиятга учради. Жамоа хавфли зонани тарк этишга муваффақ бўлди. 

«Суонси» ўтган ойда «Кристал Пелас» (1:2) ва «Ливерпуль»ни (2:3) сафарда енгди, ўз майдонида «Саутҳемптон»ни мағлубиятга учратди. «Арсенал»дан ўз майдонида 0:4 ҳисобида мағлуб бўлди.

Ойнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун Клементдан ташқари, Марк Ҳьюз («Сток Сити»), Роналд Куман («Эвертон») ва Жозе Моуриньо («МЮ») ҳам даъвогар бўлганди.

Ой голи муаллифи
Англия премьер-лигасининг январь ойида киритилган энг чиройли голи номи аниқланди.

Унга кўра, «Вест Ҳэм» ҳужумчиси Энди Кэрролнинг «Кристал Пэлас» дарвозасига урган голи энг чиройли деб топилди.

Кўпчиликнинг фикрича, январь ойи бошида «Арсенал» ҳужумчиси Оливье Жиру томонидан киритилган гол ойнинг энг чиройли голи бўлиши кутилаётганди. Бироқ якунда бундай бўлиб чиқмади.

Top