Нима десангиз денг: йўловчиларнинг ҳаёти – мен учун бир тийин
Тошкент жамоат транспортининг йўловчиларидан бири Facebook ижтимоий тармоғининг Потребители.Уз гуруҳига автобус ҳайдовчисининг ўз вазифасига масъулиятсиз ёндашаётганини исботловчи суратларни жойлаштирди. Ҳайдовчи автобусни бошқариш чоғида смартфонини титкилаш билан овора бўлган ва шу билан ҳалокатли вазиятларни содир этган.
Фойдаланувчи фотосуратларга қуйидаги изоҳларни қолдирган:
«Ҳурматли «Тошшаҳартрансхизмат» маъмурияти! Диққат қилинг! 58-автобус йўналиши, давлат рақами 01-141 FCA (гараж рақами 608), 12-автобус саройи. Ушбу ҳолат кузатилган вақти 16:00. «Экскаватор заводи – Спутник, Сергели» йўналишида қатнов амалга оширилаётган эди.
Автобус ҳайдовчиси, қатнов бошланишидан ЙҲҚ ва автобус олд ойнасига ёпиштирилган тақиқловчи белгига қарамай, смартфонга муккасидан кетиб, Tashbus иловаси орқали ўз рақобатчиси ҳисобланган 38-йўналиш автобуси ҳаракатини, қаерда кетаётганини кузатиб борди. Шу билан у йўлларда аварияли ҳолатларни вужудга келтирди. Ҳар бир бекатда узоқ вақт қолиб кетди.
Сизлар қачон ўз ходимларингиз томонидан йўловчиларни ташишда тартиб-қоидаларга риоя этилишини жиддий назорат қилишни бошлайсиз? Бу жараённи видеосини ҳам жойлашим мумкин. Мана ҳозир ўша автобусда ўтириб ҳайдовчингизни суратга оляпман. У смартфони билан шунчалик бандки, мени ҳатто сезгани ҳам йўқ. Чоралар кўринг! Юқори идораларга ҳам ёзаман!
P.S. Тошкентнинг ҳурматли ҳайдовчилари менга айтингчи, ЙҲХБнинг шу каби қоидабузарликларни маълум қилиш имконини берувчи сайти борми ўзи?», – дея сўрайди йўловчи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, автобус бошқараётганда газета ўқиб кетаётган ҳайдовчи ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлгани хусусида хабар қилган эдик.
«Тошшаҳартрансхизмат» унга жиддий чора ҳам кўрган эди.
.