12:05 / 01.03.2017
5950

Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 10 фоизга тушиб кетди

Ўзбекистон ва Украина ўртасида маҳсулот айирбошлаш ҳажми ўтган йилда 223 миллион долларни ташкил этди. Бу 2015 йил билан таққослаганда 9,5 фоизга камроқдир, деб хабар берди Украина дипломатик миссияси раҳбари Юрий Савченко матбуот анжуманида. Бу ҳақда Спутник ёзмоқда.

Унинг сўзларига кўра, ўзаро савдо ҳажмининг пасайишига сабаблар ҳамон ўша-ўша – Украина маҳсулотларининг Россия ҳудуди орқали транзитидаги қийинчиликлар, иқтисодий инқироз ва мамлакатдаги қуролли можаро. Дипломатнинг Украина статистикасига асосан таъкидлашича, бир йил давомида Украинадан Ўзбекистонга товар ва хизматлар экспорти 147,9 миллион долларни ташкил этди ҳамда 18,6 фоизга пасайди. Шу билан бирга, ўзбек товар ва хизматларининг Украинага импорти 75 миллион доллардан кўпроққа тенг бўлди ҳамда 15,7 фоизга ўсди. Украина учун бу даврдаги ижобий сальдо 72,8 миллион долларни ташкил қилди.

Савченконинг айтишича, ўтган йилда Украинанинг Ўзбекистонга экспортида фармацевтика маҳсулоти, қоғоз ва картон, ядровий реакторлар, қозонхоналар, машиналар, қора металлар ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, ноқимматбаҳо металлар, сут ва гўшт маҳсулотлари ҳамда бошқа озиқ-овқат товарлари етакчилик қилган. Ўз навбатида, Украина рух ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, пластмасса, полимер маҳсулотлар, пахта, текстиль, тамаки ва унинг саноатдаги ўрнини босувчилар, ўғит, ёнғоқлар, мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотларни импорт қилган.

Элчи сармоявий шерикликка тўхталиб, Украина иқтисодиётига ўтган йилда ўзбек инвестициялари 1,2 миллион доллардан ошганини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, бу маблағларнинг катта қисми чакана-улгуржи савдо соҳасидаги лойиҳаларга, шунингдек автотранспорт воситалари ва мотоциклларни таъмирлашга йўналтирилган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонга бўлган Украина инвестициялари ҳажми эса атиги 350 минг долларни ташкил қилган. 

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, 2016 йилда Ўзбекистон ташқи савдо ҳажми бўйича жаҳондаги барча давлатлар ўртасида 60- ҳамда МДҲ мамлакатлари орасида 7-ўринни эгаллади.

Top