Жамият | 21:27 / 07.03.2017
19859
3 дақиқада ўқилади

Шов-шувли кашфиёт: мавжудлиги шубҳа остига олинган кит тасвирга олинди

Биолог олимлар баъзи табиатшунослар мавжудлигига шубҳа билдира бошлаган ноёб турдаги денгиз жонзоти – Тру тишли китини кўришга ва видеога олишга муваффақ бўлишди. Бу ҳақда PeerJ журналида чоп этилган мақолада маълум қилинди

Тру тишли кити (Mesoplodon mirus) деб аталувчи китларни 1913 йилда америкалик зоолог Фредерик Тру Шимолий Атлантика тропик ва субтропик сувлари бўйлаб саёҳати давомида очган. Бу анчагина йирик китсимонлар 3,5-5 метр узунликка эга ҳамда ўзига хос тумшуғи ва фақатгина иккита тиши борлиги билан ажралиб туради.  

Шотландиядаги Сент-Эндрю университети олимаси Эмма Кэрроллнинг айтишича, бундай турдаги китлар жуда ноёб ва жуда яширин жонзотлар бўлиб, уларнинг ҳаёти ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас. Ушбу китлар бу борада "чемпионлар" ҳисобланади – ўтган йиллар давомида олимлар ва денгизчилар бу китларни бор-йўғи бир неча маротаба кузатишган ва бирор марта уларни ушлаш, ўрганиш, фото-видеога олишнинг уддасидан чиқиша олмаган.

1980-йиллардан бошлаб баъзи табиатшунослар бу китлар аслида мавжуд эмаслиги ҳақида гапира бошлашган. 

Бироқ Кэрролл ва унинг ҳамкасбларига омад кулиб боқди –2012 йил ноябрда улар билан Канар оролларидаги Иерро аҳолиси боғланиб, соҳилга чиқариб ташланган ноодатий кит ҳақида хабар беришган. Олимлар воқеа жойига етиб келиб, ўлик ҳолдаги бу жонзотни кўришгач, ақл бовар қилмас даражада омадлари чопгани англашган, чунки улар бу китнинг бутун жасадини қўлга киритган биринчи океаншунослар бўлишган.  

Бу кит тузилиши ва ДНКсини ўрганиш олима жамоасига бу ноёб жонзотларни Канар ороллари соҳиллари яқинида қидиришни бошлашга имкон берди. Олимлар бу китнинг нафақат мавжудлигини исботлай олишди, балки уни видеога олишга ҳам муваффақ бўлишди. Бундан ташқари, олимлар бу китнинг эркак ва урғочилари вакилларини ҳамда уларнинг болаларини суратга олишган.  

   

Мавзуга оид