Жаҳон | 17:41 / 14.12.2022
4112
3 дақиқада ўқилади

Канар оролларида Магнитский иши бўйича асосий гумондор қўлга олинди

Фото: Reuters

Европол Магнитский иши бўйича Испания терговининг муваффақияти ҳақида хабар берди: бир гуруҳ россияликлар ва бир қатор сохта компаниялар аниқланди, улар орқали Европада пуллар ювилган ва Испания кўчмас мулкига сармоя киритилган

Европол Канар оролларида «Магнитский иши» деб номланган иш бўйича асосий гумондор ҳибсга олинганини эълон қилди. Европа маҳкамасининг 14 декабрь, чоршанба куни хабар беришича, Испания ҳукумати Европол ва Европа адлия идораси кўмагида Россия бюджетининг ўғирланган жами 219 миллион евролик маблағларини Европада ювиш билан шуғулланган жиноий гуруҳни топишга муваффақ бўлди. 

Баёнотда айтилишича, Канар оролларида қўлга олинган шахс 2009 йилда вафот этган россиялик ҳуқуқшунос Сергей Магнитский шуғулланган суриштирувда жиноий схеманинг марказий қисми бўлган. Тергов маълумотларига кўра, жиноий тармоқ Европа банклари ҳисобрақамлари орқали миллионлаб евро ўтказиб, сўнг уларни кўчмас мулк сотиб олиш учун Испанияга жўнатган. Айни дамда бу мамлакатда жами 25 миллион еврога тенг 75 та мулк мусодара қилинган, дея хабар берилган қўшимча равишда. 

Европол томонидан таъкидланганидек, испан терговчилари ўғирланган маблағларнинг бир қисми Испания кўчмас мулкига қандай қилиб сармоя сифатида киритилганини аниқлашга муваффақ бўлишди. «Бир гуруҳ шахслар аниқланди - уларнинг барчаси Испания билан деярли алоқаси бўлмаган ёки умуман алоқаси бўлмаган Россия фуқаролари, шунингдек, реал иқтисодий фаолиятга эга бўлмаган бир қатор сохта компаниялар топилди», - дея хабар берди Ҳаагадаги идора. 

Британиялик тадбиркор Уилям Браудер асос солган ва бошқарган Hermitage Capital Management фондининг 37 ёшли ҳуқуқшуноси 2009 йилда Москвадаги тергов изоляторида вафот этган. Сергей Магнитский ИИВ ва прокуратура ходимларини қўлга киритган материаллардан фойдаланган ҳолда давлатдан 230 миллион доллардан ортиқ пул ўғирлашда айблагани учун Россия прокуратурасининг солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик айбловлари юзасидан у ерга жойлаштирилган. 

2012 йилда Қўшма Штатларда «Магнитский қонуни» қабул қилинган бўлиб, у аввалига тергов изоляторидаги ҳуқуқшуноснинг ўлимига алоқадор шахсларга, сўнгра инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишида айбдор бўлган бошқа шахсларга нисбатан қўлланилган. Қўшма Штатлардан кейин бир қатор бошқа давлатлар ва Европа Иттифоқи ҳам худди шундай «Магнитский актларини» қабул қилди. 

Мавзуга оид