Жаҳон | 17:52 / 11.03.2017
8541
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда маочилар 12 нафар полициячини ўлдиришди

Ҳиндистоннинг Чхаттисгарх штатида жангари-маочилар полиция патрулига ҳужум қилишди, натижада ҳуқуқ-тартибот вакилларидан 12 нафари ҳалок бўлди, яна тўрт киши жароҳат олди. Бу ҳақда Times of India нашри хабар тарқатди.

Нашрнинг таъкидлашича, жангарилар портловчи қурилмани ишга келтирган ҳамда полициячилар отрядига қарата ўт очишган – ҳуқуқ-тартибот идораси вакиллари Сукма округида қурилаётган йўлнинг хавфсизлигини таъминлаётган бўлган.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва мамлакат ички ишлар вазири Ражнат Сингх ҳужумни кескин қоралашди. ИИВ раҳбари ҳодиса юз берган жойга, унинг сабабларини аниқлаш мақсадида йўл олди.

Маълумот учун, Ҳиндистонда маочи жанговар гуруҳлари ўтган асрнинг 60-йилларидан бери фаол равишда ҳаракат қилиб келади. Исёнчиларнинг мақсади Ҳиндистон ҳудудида ўзини-ўзи бошқарувчи “эркин зоналар”ни яратиш. Жангарилар мамлакатнинг 28 штатидан йигирматасида ҳаракат қилади.

Маочи-жангарилар бир қатор теракт ва ҳужумларда гумон қилинади. Хусусан, улар томонидан ташкиллаштирилган ҳужум туфайли 2016 йилнинг мартида Чхаттисгарх штатида етти нафар полициячи ҳалок бўлган. 2010 йилда эса ҳуқуқ-тартибот идораларига энг йирик ҳужум амалга оширилди – Чхаттисгархда 75 полициячи ўлдирилди. Шундан сўнг ҳукумат минтақада кенг кўламли аксилтеррорчилик амалиётини бошлади.

Мавзуга оид