12:32 / 11.03.2017
5888

Мўйноққа тоза ичимлик суви етказиб бериш ишлари тўрт жойда олиб борилмоқда

Фото: Kruz.uz

Президент Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди учрашувида эътибор қаратилган масалалар бугун Мўйноқ аҳли кўз ўнгида ҳақиқатга айланмоқда, деб хабар берди Kruz.uz.

2016 йилнинг 10 ноябрь куни видеоконференция шаклида бўлиб ўтган ушбу учрашувда Мўйноқ тумани студиясидан ҳудуддаги «Таллиўзак» маҳалла фуқаролар йиғини истиқомат қилувчи Бийбихан Утамбетова томонидан ушбу туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш масаласи кўтарилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида Қўнғирот – Мўйноқ ичимлик суви тармоғи қурилишининг бошланиши билан танишган эди. Ушбу 101 километрлик сув тармоғи ишга туширилгандан сўнг, бир суткада 7 минг куб метр сув етказиб бериш ва 25 мингдан ортиқ аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имкони яратилади.

Айни пайтда Мўйноқ туманига тоза ичимлик суви етказиб бериш ишлари тўрт жойда олиб борилмоқда. Жумладан, Қўнғирот туманининг «Олмазор» МФЙ ҳудудида насос станциясини тўсиқлар билан ҳимоялаш ишлари якунланиб, Мўйноқ тумани томон аллақачон қувур тортиш бошланди. Шунингдек, бу ишлар Қунғирот тумани «Қангли» ОФЙ ҳудудида ҳам давом этаётган бўлса, Мўйноқ тумани марказидан Қўнғиротга ва Мўйноқ туманининг «Дўстлик» ОФЙ ҳудудида қизғин давом этмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 28 февраль куни “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ҳудуд аҳолиси ҳаётида тарихий воқеалардан бири бўлди.

Мазкур қарорга асосан туманда 2017-2018 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш, сервис ва туризм, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш йўналишларида умумий қиймати 52,3 млрд. сўм, жумладан 990 минг АҚШ долларига тенг бўлган 72 та лойиҳа амалга оширилиши кутилмоқда. Бунинг натижасида 1343та янги иш ўринлари яратилиши назарда тутилган.

Шунингдек, тумандаги собиқ “Мўйноқ балиқ консерва комбинати” ҳудудида 16 гектар ва собиқ 5-қурилиш бошқармаси ҳудудида 4,5 гектар, жами 20,5 гектар майдонда электротехника, қурилиш материаллари, суғориш ускуналари, сув насослари, сув ҳисоблагичлари, сув қувурлари, тайёр трикотаж, тикувчилик ва бошқа замонавий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича “Мўйноқ” кичик саноат зонасини барпо этиш белгиланган.

Top