Жамият | 11:57 / 15.03.2017
48762
7 дақиқада ўқилади

Коррупция – уни енгиш мумкинми?

Сўнгги вақтларда мамлакатда коррупция мавзуси фаол муҳокама қилина бошлади. Ушбу ижтимоий иллатга қарши қонунлар, фармонлар қабул қилинмоқда. Мазкур муаммога доир турли фикрлар билдирилмоқда. Юлий Юсупов иқтисодчи-эксперт сифатида бўлаётган жараёнларга ўз фикрини билдирмоқда.  

Коррупция – фақатгина Ўзбекистон эмас, балки аксарият ривожланаётган мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги асосий бош оғриқларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ҳам бу борада мустасно эмас. Албатта, бу «касаллик» билан курашиш лозим ва шарт. Бироқ, унинг кўринишлари эмас, аксинча унинг сабабларига қарши курашиш керак. 

Коррупциянинг илдизлари қанчалик чуқур ва умуман уни «илдизи» билан йўқотиш мумкинми?

Биринчидан, бу фуқароларнинг бизнес юритишлари ва тадбиркорлик фаолиятлари билан шуғулланишлари учун турли хил рухсатларни бериш борасида давлат органлари ва мулозимларнинг кенг ваколатларидир. 

Давлат мулозимларининг нимагадир рухсат бериш ва бермаслик ваколати қанчалик кенг бўлса, рухсатларни (лицензиялар, сертификатлар ва б.) бериш жараёни шунчалик шаффоф бўлмайди. Бу ҳолатда тамагирлик ва пора олиш учун имконият ҳам кенгаяди. Бундан ташқари, кўплаб тақиқлар ва чекловлар бўлса, коррупция схемалари хусусий секторга ҳам ўта бошлайди. 

Масалан, нақд пулларни бериш борасида маъмурий тўсиқлар тижорат банклари, банк ишчилари, савдо ташкилотларига пулларни нақдлаштиришда «шапка» олишлари учун қулай шароитдир. Шунга кўра, айтиш мумкинки, фақат мулозимлар порахўр бўлмайди!

Иккинчидан, коррупция – давлат ва мулозимларнинг бозор механизмлари ишига турли усулда аралашувидир. Нархларни бошқариш, фоиз ставкаларини белгилаш, алмашув курси, захираларни марказдан тақсимлаш, айрим корхоналарга турлича имтиёзлар бериш шулар жумласидан. 

Агар бирорта маҳсулот ёки захира нархи бошқарилса, тез орада унинг танқислиги кузатилади. Натижада навбатда туришлар, қора бозор, «шапка», фойдадан улуш бериш ва бошқа шу каби танқислик ҳамда иқтисодиётининг алламбало кўринишларига дуч келинади. Валюта курси ва фоиз ставкаларини бошқаришда ҳам шундай ҳолатни учратиш мумкин. Бу сафар, фақат давлат мулозимлари эмас, балки тижорат соҳаси ходимлари ҳам “мўмайгина даромад” топишга ҳаракат қилади. Имтиёзларни тақдим қилишда ҳам шунга дуч келинади. Бизнес давлат ҳисобидан қандайдир имтиёзларга эга бўлиш борасида қанчалик кўпроқ имконга эга бўлса, коррупция эҳтимоли ҳам шунчалик ортади. 

Ўзбекистонда, афсуски, давлат органлари ва мулозимларнинг нимагадир рухсат бериш ёки тақиқлаш, бозор механизмларига аралашиш, бизнес юритишга нотенг шароитлар яратиш борасидаги имкониятлари ҳамда ваколатлари улкандир. Давлатнинг иқтисодиётдаги ўрнини кескин ўзгартирувчи иқтисодий ва маъмурий ислоҳотларсиз, коррупция «илдизи»ни йўқотиш муаммосини ҳал этиб бўлмайди. 

Учинчидан, юқори солиқ ва божхона тўловлари яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қулай шароит яратади. Масалан, агар божхона божи ҳаддан ортиқ юқори бўлса, жаҳон амалиётидан яхши маълумки, бу контрабанда ва божхона органларидаги коррупцияга сабаб бўлади. Асоссиз равишда ҳаддан юқори солиқ эса тадбиркорларни ўз бизнесини қисман ёки тўлиқ яширин юритишига мажбур қилади. Бу текширувчи органларнинг коррупциясига олиб келиши кундек равшан. 

Ўзбекистонда иқтисодиётига солиқ юки дунёдаги ривожланаётган мамлакатлардаги энг юқорилардан биридир. У ЯИМ (ялпи ички маҳсулот)нинг 30-35 фоизини ташкил этади. Биз бошқа ривожланган мамлакатлар сингари бу кўрсаткич борасида илгарилаб кетдик, одатда мамлакат қанчалик бой бўлса, у ердаги солиқ юки кўпроқ бўлади. (Бойлар кўпроқ тўлай олади). Йилига аҳоли жон бошига ЯИМ миқдори 2000 долларни ташкил этадиган мамлакатлар учун солиқ юки 15-20 фоиз бўлиши мақбулдир. Божхона тўловлари даражаси бўйича ҳам биз дунёдаги энг юқори ўринларда турамиз. Шундай экан, солиқ ва божхона юкламаларини камайтириш воситасида яширин иқтисодиёт, контрабанда ва коррупция асосларини йўқотиш мумкин.

Тўртинчидан, қонунчиликнинг мукаммал эмаслиги ҳам коррупция ва яширин иқтисодиёт авж олишига сабаб бўлади. Меъёрий ҳужжатлардаги ички зиддиятлар, турли мазмунли меъёрларнинг кўплиги, катта миқдордаги тақиқлар, чекловлар ва шу кабилар. Фуқаролар ва тадбиркорлар истар-истамас, мавжуд меъёрларни айланиб ўтишга, аниқроғи бузишга мажбур бўлишади. Бу ҳам мулозимларнинг пора олишига замин туғдиради. Шундай экан, мавжуд қонунчилик базасини соддалаштириш мақсадида қайта кўриб чиқиш, турли келишмовчилик ва ортиқча чекловларга барҳам бериш, қабул қилинаётган ҳужжатлар, хусусан, ижро ҳокимияти қабул қилаётган қарорларни ҳам коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни жорий қилиш мақсадга мувофиқ. 

Бешинчидан, бу давлат хизматчиларининг малакаси ва уларни ҳаракатлантирувчи омилни топа билишдир. Давлат хизматчилари сонини (давлат идораларининг ваколатларини қисқартиргандан сўнг) камайтирмасдан ва мулозимлар маошларини сезиларли оширмасдан коррупцияга қарши самарали курашиб бўлмайди. Бугунги кунда, бу маош анча пастлиги ҳам коррупцияга йўл қўйиш учун туртки беради. Шу билан бирга, давлат хизматчиларини ишга олишда барча даражада танлов ва шаффофликни йўлга қўйиш керак. Ижроия ва суд ҳокимиятлари устидан самарали парламент ва жамоат назоратини кучайтириш лозим. 

Коррупцияга қарши курашда иқтисодий чоралардан ташқари, ноиқтисодий чораларни қўллаш ҳам самара беради. Гап, биринчи галда, жамоатчиликни фаоллаштириш ҳақида бормоқда. Ҳақиқатдан ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бу иллатга қарши якка ҳолда кураша олмайди. Уларга фуқаролик жамияти, ОАВ, аҳоли томонидан ёрдам керак. Коррупция халқимизнинг «табиий» одати сифатида эмас, аксинча мутлақ ёвузлик сифатида баҳоланиши зарур. Бу ёлғон, унинг халққа ёки табиийликка умуман алоқаси йўқ. Фуқаролик жамиятларининг фаол институтлари, мустақил ОАВ, таъсирчан ҳуқуқ-тартибот идоралари ва суд тизими – коррупцияга қарши амалий кураш белгиларидир. 

Манба: Kommersant.uz

Мавзуга оид