Иқтисодиёт | 20:28 / 20.03.2017
8960
2 дақиқада ўқилади

Дания 183 йил ичида биринчи марта ташқи қарзини тўлиқ узди

Дания 20 март куни 183 йил ичида биринчи марта хорижий валютадаги ташқи қарзини тўлиқ узди. У қарзи бўйича охирги 1,5 млрд долларлик тўловни амалга оширди. Бу ҳақда Дания молия вазирлиги берган маълумотда айтилган.

Маълумотда айтилишича, Дания томондан тўпланган молиявий захиралар мамлакат охирги йилларда хорижий валютадаги қарзлардан воз кечиб, мавжудлари бўйича қарзини узишга етарлича миқдорда бўлган.

"Дания ҳозирда ташқи қарзларга эга эмаслиги тарихий воқеадир. Бу кун биз мамлакатнинг онгли ва масъулиятли иқтисодий сиёсатига таҳсин айта олишимиз мумкин бўлган кундир", деб айтди Дания молия вазири Кристиан Енсен.

Енсеннинг қўшимча қилишича, вазирликнинг баҳолашича, Дания аҳолиси қариши сабабли 2030 йилдан 2050 йилгача мураккаб даврни бошдан кечириб, бюджет дефицитига дуч келиши мумкин. Вазирнинг айтишича, мамлакат юқори кредит рейтингига путур етмаслиги учун бу синовга тайёрланиши керак.

Дания марказий банки маълумотларига кўра, Дания биринчи хорижий қарзини 1757 йилда Амстердам ва Гамбургдаги банкирлардан олган. Дания 1834 йилдан то бугунги кунгача хорижий валютадаги қарзини тўлиқ узолмай келган.

Даниянинг миллий валютадаги ички қарзи 2016 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, 635 млрд кронни  (92 млрд доллар) ташкил қилган, бу қиймат мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 23 фоизига тўғри келади. Дания бу қийматнинг 40 фоизини хорижий инвесторлардан қарзга олган. 

Мавзуга оид