Бабаян эпопеяси. «Мабодизм» синдроми
Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ саралаш босқичи доирасида Суриядан мағлубиятга учрагач, терма жамоа, бош мураббий ва ўйин борасида турли мақолалар чоп этилди. Tribuna.Uz интернет-нашрида ҳам шундай мақолалардан бири эълон қилинди. Қуйида ушбу мақолани тўлиғича эътиборингизга ҳавола қиламиз.
«Пахтакор»да менежер бўлиб ишлаб юрган Самвел Бабаяннинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигидек масъулиятли лавозимга киришган кунлари спорт журналистларини йиғиб айтган гапини яхши эслайман: «Биз — бир жамоамиз, — деган эди у журналистларни ҳам назарда тутиб. — Ҳаммамиз бир мақсад йўлида ҳаракат қилишимиз лозим». Яъни бу билан Бабаян афанди айтган эдики, битта жамоа вакиллари бир-бирини танқид қилмайди, фақат суяйди. Шундай экан, «қолганини ўзларинг тушунволувурларинг...». Албатта, менежер айнан шундай дегани йўқ, шунчаки бунга шаъма қилган эди. Қалам аҳли худди мухлислардек зукко бўлади, терма жамоа тепасидаги одам аслида нима демоқчи эканини дарҳол пайқаганди...
Шундай қилиб, футболимиз тарихида Бабаян эпопеяси бошланди.
Биласиз, эпопея дегани мардонавор, жасурона ишлар билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларни англатади. Футболчиларимиз Бабаян чизиб берган тактик схемалар ёрдамида бирин-кетин Филиппин, Яман сингари кучли жамоаларни мағлуб эта бошлади. Раҳматли Ҳожибой қизиқ ибораси билан айтганда, мазкур ютуқлардан сармаст айрим ишқибозлар: «Ўзбекистон бу йил жаҳон чемпионатига чиқиб кетади-ёв» дейишгача борди. Ўйин сифати қандай, рақибларимиз қайси савияда, уларни ортда қолдириш билан қаергача боришимиз мумкин, деган саволлар устида бош қотириб ўтиришнинг мавриди эмасди. Чунки бу саволларни қўйишнинг ўзи густохликка ўхшаб туюларди. Ахир, сўз олиб-сўз берилган: «Биз — бир жамоа бўлсак, қандай бўларкин...».
Шу кунлар миёнасида собиқ менежер, айни пайтда БОШ МУРАББИЙнинг яна бир «кўнгилгахушёқар» интервьюси эълон қилинди. У зот айтдики, «Қўл остимдаги жамоа — Ўзбек футболи тарихидаги энг кучлиси. Биз ҳали Осиёда тилга тушадиган ўйин услубини жорий этамиз...».
Ишондик. Ахир, гап бевоситами-билвоситами, ҳар ҳолда Ватан ҳақида, унинг шаъни тўғрисида борарди. Бундай пайтда озгина некбинлик ҳам керак, бадгумонлик, бадхаёллик ортиқча, дедик. Каттами-кичкинами, ғалабалардан қувондик. Уйимизда Яманни зўрға ютганда ҳам ўзимизни овунтирдик: «Мураббийларимиз Осиёда машҳур бўладиган ўйин услубини қидиришаяпти. Ҳа, энди изланиш жараёнида шундай «тажриба»лар ҳам бўлиб туради-да!». Кўнгилни кенг қилдик. «Учрашув» фильмидаги қаҳрамонлардан бирининг гапи эсингиздами? «Ҳали шошмай тур, бу жуда-а шинаванда йигит!..». (Ҳусан Шарипов талқинидаги қаҳрамон назарда тутилган). Биз ҳам бош мураббийимиз ҳақида шундай хаёлларга бордик: «Эй, биродарлар, шошмай туринг, бу жуда-а устомон йигит, бизни Россияга олиб боради ҳали!». Бугун тобора маълум бўлаяптики, Россия тугул ўзимизнинг «аэропортга ҳам чиқолмайдиганга» ўхшаб турибмиз.
Ўша гап-сўзлардан бери ҳам бир-икки йил муддат ўтиб қўйди. Аммо, назаримизда, терма жамоамиз мураббийлари ҳануз «қитъада машҳур бўладиган» ўйин услуби борасида «чуқур изланиш» олиб бораётгандек. Гўё чакалакзор ичра нина қидиришмоқда.
Йўқ, азизлар, ёзганларимизга нина тугул, анчайин тиканнинг ҳам асло алоқаси йўқ. Ўлибмизми, берган ваъдаларга хилоф йўл тутиб, биз — ҳаммамиз бир жамоамиз, бир-биримизни ҳеч қачон танқид қилмаймиз!
Ана, кечаги ўйинни олайлик. Футболчиларимизда ҳам, мураббийларимизда ҳам умуман айб йўқ. Ҳамма айб об-ҳавода! Ҳей, бунақа ҳавода Неймар ҳам майдонда лўкиллаб, нима қиларини билмай қоларди. Футболчиларимиз-ку, майдонда 90 дақиқа ўз оёқлари билан юра олдилар, қаҳрамонлик бўлса, шунча бўлади-да!
Бош мураббийимизнинг ўйиндан кейинги фикрларини ўқидингизми? «Майдоннинг ҳолати унчалик яхши эмасди» деди у. Менимча, аслида мағлубиятимизга асосий сабаблардан бири — шу! (Об-ҳаводан кейин, албатта). Миллий чемпионатимизда бир-биридан зўр, бир-биридан ям-яшил, теп-текис майдонларда тўп тепиб ўрганган юлдузларимиз Малайзияда роса қийналишди-да, ахир!
Нима? Жамоамизда бирор тактиканинг сояси ҳам кўринмади, бирорта мураббийсиз ёки йиғинсиз ҳам исталган жамоа кечагидек ўйнай оларди, дейсизми? Бу гапингиз мутлақо асоссиз! Кеча йигитларимиз ҳали жаҳон футболида ҳеч ким: на Кройфф, на дель Боске, на Гвардиоланинг тушига кирган тактика асосида ўйнади. Бу — кўча тили билан айтганда, ТАВАККАЛИЗМ ёхуд сал бадиийроқ қилиб, модернистик услубда ифодалайдиган бўлсак,
МАБОДИЗМ тактикаси эди. Яъни МАБОДО рақиб дарвозаси ланг очилиб қолса, МАБОДО ҳимоячилар хато-пато қилиб ўз дарвозасини ишғол этиб қўйса ёки МАБОДО ҳакам адашиб пенальтими, яқинроқ масофадан жарима зарбасими белгиласа-ю ва МАБОДО Серверми, Одилми, кимнингдир зарбаси «ўхшаб» қолиб, гол уриб қолинса, деган тактика эди.
Тоғдай сўрасанг, қирдай беради деган гап 146 фоиз тўғри. Ана шу «мабодо»лардан бири, қарангки, амалда юз берди. Футболчиларимиз МАБОДО гол-пол уриб қоламизми, деган умидда жон куйдираётган сўнгги паллаларда ҳакам пенальти белгилади. Фақат сурияликлар эмас, бизнинг дарвозамиз томон. Аслида бу пайтда бизникилар ҳужум қилаётгандек эди, бироқ ўйинда 90 дақиқа кузатилганидек, олдинги чизиқдаги вакилларимиз «қовун тушириб» қўйишди ва қарши ҳужум қанақа бўлишини рақиб жамоа кўрсатиб берди. Майдонга тушганига тўрт дақиқа ҳам бўлмаган Фирас ал-Ҳатиб тезлик билан жарима майдонимизга кириб бораётган лаҳзаларда ҳам футболчиларимизнинг кўпчилиги Фирас МАБОДО ўзича қоқилиб-поқилиб кетмасмикан, бизнинг ҳужумчиларга ўхшаб тўпни йўқотиб қўйса, зўр бўларди-да, дея кузатиб турганда, Егор Кримец, шерикларим МАБОДО адашмадимикан, дея жон-жаҳди билан ҳимояланишга чоғланди. Бироқ... Эҳ, Умар Ҳарбин Лобановни пенальтидан қандай алдади-я! Буни кўриб, очиғини айтсам, мен ўзимни, ўзимизни алдангандек ҳис этдим. Ҳатто Жанубий Кореяга бой берилган ўйиндан сўнг ҳам 1-ўрин деганларидан недир умидим бор эди. Кечаги мағлубиятдан сўнг 2-ўрин ҳам осмондаги ой бўлиб қолади, шекилли, бу кетишда, биздан бор-йўғи 1 ва 4 очкога ортда қолаётган Сурия ва Хитойга ҳам «марҳамат қилиб» йўл бўшатиб бермасайдик, дея хавотирга тушдим. Ахир, бизни олдинда Жанубий Корея ва Эронга қарши ўта жиддий учрашувлар кутмоқда. 28 март куни Тошкентда меҳмон бўладиган Қатар билан ҳам орамиздаги фарқ жуда катта эмас...
Иштиёқ, ғалабага бўлган чанқоқлик, ғолиблик руҳияти — булар ҳақидаги гапларнинг бари мураббийларга таниш. Ҳар ҳолда, улар бир неча йилдан бери футболимиз ичида юрган одамлар. Биздан кўра кўп нарсаларга ақли етади. Биз мухлислар эса қўлимиздан келгани — умид. Ахир, 20 йилдан бери умид қиламиз. Яна ярим йил умид қилсак, бир жойимиз камайиб қолмас? Фақат бир илинжимиз, Яратгандан сўрайдиган зоримиз бор: «БАБАЯН ЭПОПЕЯСИ» ўша пайтга бориб «БАБАЯН УТОПИЯСИ» деган ном олмаса гўрга эди...
Элмурод Нишонов
Мавзуга оид
17:05
«166 дақиқа». Катанецнинг энг катта хатоси ҳақида
23:32 / 14.11.2024
ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон 90+12-дақиқада гол ўтказиб, Қатарда мағлубиятга учради
17:51 / 14.11.2024
Осиё кубогидаги аламли мағлубият учун реванш олинадими? Қатар – Ўзбекистон ўйини олдидан
11:16 / 14.11.2024