Жаҳон | 15:30 / 05.04.2017
8372
2 дақиқада ўқилади

Кремль аксилкоррупция митингларини аксилтеррор митингларга «алмаштирди»

Россия президенти маъмурияти вакили ҳудудлар раҳбарларига 8 апрель куни  аксилтеррор митинглар ўтказиш бўйича тавсия берган. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашри Кремлга яқин манбаларига асосланган ҳолда хабар берган.

«Губернаторларга қўнғироқ бўлган ва уларга халқни кўчаларга чиқариш вазифаси берилган», – деган манбалардан бири.

Намойишларда парламентдаги партияларнинг барчаси иштирок этиши тахмин қилинмоқда. Тадбирлар мамлакатнинг барча йирик шаҳарларида ўтиши белгиланган. Айниқса, 26 март куни мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийнинг бош вазир Дмитрий Медведевга қарши текширувларини қўллаб-қувватлаган кишилар аксилкоррупция намойишларини фаол ўтказган шаҳарларда шундай кўламдаги аксилтеррор намойишлар ўтказилиши кераклигига урғу қаратилган.

«Единая Россия» партияси аксилтеррор акцияларда иштирок этишини тасдиқлаган. «Справедливая Россия» «ҳозирча бундай буйруқ келмагани» ҳақида маълум қилган. КПРФ 8 апрель куни Москвада ижтимоий тенгсизлик «ва бошқа муаммолар»га қарши тадбирлар ўтказилишини билдирган.

Митингларни ташкиллаштириш ҳақида бир неча ҳудудий маъмуриятларда айтилган. Ҳар бир ҳудуддаги митингда 4000-4500 минг нафардан киши қатнашиши режалаштирилган.

Мавзуга оид