Жаҳон | 01:40 / 06.04.2017
14707
3 дақиқада ўқилади

Дональд Трамп: "Сурия учун масъулман ва ИШИДни йўқ қиламан"

АҚШ президенти Дональд Трамп Иордания қироли Абдуллоҳ II билан биргаликда ўтказган матбуот анжумани доирасида Сурия масаласини ҳал этиш учун шахсий масъулиятни ҳис қилишини айтиб ўтган.

"Мен чуқур шахсий масъулиятни ҳис қилиб турибман", — деган у журналистнинг Сурияда бўлаётган воқеалар, жумладан яқинда юз берган кимёвий ҳужум учун масъулиятни ҳис қилиш-қилмаслиги борасидаги саволига жавобан. Журналист Трампга собиқ президент Барак Обама маъмуриятини қўлдан бой берилган имкониятларда айблаганларини ҳам эслатди

"Бу масалани мен бутун масъулият билан ёндашган ҳолда ечаман", — дея қўшимча қилган президент.

Дональд Трамп матбуот анжуманида, шунингдек, Сурияда юз берган кимёвий ҳужум унинг Сурия ва Башар Асад режимига бўлган қарашларини ўзгартирганини билдириб ўтган.

"Сизларга айтишим мумкинки, кеча болаларга кимёвий ҳужум қилиниши менга жуда катта таъсир қилди ва менинг Сурия ва Башар Асадга бўлган муносабатим кескин ўзгарди", — деган президент.

Шундай газ билан илгари ҳам аҳолига ҳужум қилинганини инобатга олиб, Трамп можаро "мутлақо янги даражага олиб чиқилгани"ни қайд этди.

АҚШ президенти шу пайтга қадар ўзини позициясини осонгина ўзгартириши мумкин бўлган жуда юмшоқ инсон сифатида ҳисоблаб келгани, бироқ "кеча юз берган воқеани мен асло қабул қила олмайман", дея айтиб ўтган.

Сурия мухолиф ва инқилоб кучлари миллий коалицияси сешанба куни Идлиб вилоятидаги Хон-Шайхун шаҳрида кимёвий қурол ишлатилган ҳужумда 80 киши қурбон бўлгани ва 200 дан ортиқ инсон жароҳатланганини эълон қилиб, бунда Сурия ҳукумат қўшинларини айблашган. Сурия армияси қўмондонлиги ўзи томон келаётган айбловларни рад этиб, масъулиятни жангарилар ва уларнинг ҳомийларига тўнкаган.

Россия мудофаа вазирлиги эса Сурия авиацияси Хон-Шайхун аҳоли пунктидаги террорчиларнинг қурол-яроғ омборига зарба берганини, у ерда Ироққа олиб кетиш учун мўлжалланган кимёвий қуроллар бўлганини айтиб ўтган.

Матбуот анжуманида Трамп "ИШИдни йўқ қилиб, цивилизацияни асраб қолажаги" ни ҳам билдириб ўтган.

"Биз ИШИДни йўқ қиламиз, цивилизацияни ҳимоя қиламиз, бизда бошқа танлов бўлиши ҳам мумкин эмас", — деган у.

Мавзуга оид