Жаҳон | 20:54 / 10.04.2017
52085
3 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов ўз стратегиясини ўзгартирмоқда

Facebook акцияларида 1,4 миллиард ишлаб олган ва ҳануз Uber Technologies улушига эга россиялик магнат хом ашё соҳаси инвестицияларига қайтмоқда. Bloomberg шу ҳақида хабар берди

63 ёшли Алишер Усмонов агентликка берган интервьюсида қазилма компанияларига сармоя киритгани, зеро уч йиллик паст нарх-наводан сўнг уларнинг қоғозлари яна ўса бошлаганини маълум қилди.

2016 йилда Хитойнинг келгуси иқтисодиёти ҳамда металл баҳоси ошиши борасидаги хавотирлар пасайиши фонида Bloomberg World Mining акциялари 38 фоизга ошди.

Fortescue Metals Group ва Anglo American каби компаниялар акциялари қимматлашди.

Усмонов шундай деди: «Ўтган йил BHP Billiton, Fortescue каби хом ашё компаниялари ва нефть-газ секторининг анъанавий компанияларига сармоя киритиш юқори даромад кўрсатиши мумкинлигини кўрсатди». 

Мил­ли­ар­дер айнан қайси компаниялар акцияларини қўлга киритганига ойдинлик киритмади.

Bloomberg Billionaires Index'га кўра, Усмоновнинг «Ме­тал­ло­ин­вест» металлургия ҳолдингига асосланган молиявий ҳолати ҳозирда 14 миллиард долларни ташкил қилади. 

Унинг ўсиши қисман яқин йилларда жаҳон технология компанияларига муваффақиятли инвестициялари билан изоҳланади, Facebook ва Alibaba ҳам шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, миллиардер DST ва яна бир ҳамкорлар билан ташкил қилинган фонд орқали энг йирик Flipkart ҳинд интернет-ритейлери, Хитойнинг Xiaomi смартфон ишлаб чиқарувчиси, Ҳиндистондаги Ola Cabs ҳамда Хитойдаги Didi Chuxing такси буюртма сервислари улушларини харид қилди. 

Усмонов агентликка берган баёнотида технология соҳаси ва интернетга киритаётган сармоясини оширмоқчи эмаслигини маълум қилди. 5-7 йил аввал харид қилинган қоғозлар лойиҳаларнинг у ёки бу босқичи тугагунга қадар унинг портфелида қолади. Бироқ шу билан бирга миллиардер янги сармоялар учун ҳам маблағ йиғиш ва ўзининг баъзи компанияларида қарз юкини камайтиришга ҳаракат қилади.

Алишер Усмонов Ғарб хом ашё компанияларига биринчи марта маблағ ажратиши эмас. 2003 йилда у Британиянинг Corus Group пўлат компанияси улушини харид қилган ва бир йилдан кейин уни даромад билан сотган. Шунингдек у Nautilus Mineral компаниясига ҳам сармоя киритган. 

 

Мавзуга оид